Тошкентдан водийга, Қашқадарёдан Сурхондарёга довон орқали ўтган темирйўлларда ҳаракатланадиган янги тезюрар поездлар Жанубий Кореядан харид қилинади.

Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов маълум қилишича, Жанубий Кореянинг Hyundai Rotem компаниясидан 6 та тезюрар ҳаракат таркиби сотиб олинмоқда. Уларнинг илк партияси жорий йилнинг декабр ойидан бошлаб Ўзбекистонга кела бошлайди.

Ушбу поездлар келаси йилдан бошлаб Бухоро — Мискин — Урганч — Нукус йўналишларида ҳаракатланиши режалаштирилган.

“Ўзбекистон темирйўллари” раҳбари Зуфар Нарзуллаевнинг таъкидлашича, тоғли ҳудудлардаги темирйўллар — жумладан, Қамчиқ ва Дарбанд довонлари орқали ўтувчи йўналишлар учун 2030 йилгача яна 8 та тезюрар поезд харид қилиниши кўзда тутилган.

Англашилишича, янги ҳаракат таркиблари йўловчилар учун қулайликни ошириш, саёҳат вақтини қисқартириш ва тоғли йўналишларда темирйўл инфратузилмасини янада замонавийлаштиришга хизмат қилади.