Спорт | 21:35 / 25.12.2018
29559
4 дақиқада ўқилади

Миржалол Қосимов 4-рақамни гаровда ютиб олгани, операциядан кейинги илк сўзи ва футболчиликдаги бошқа хотиралари ҳақида

Ўзбекистон, Россия, Европа, Осиё ва жаҳон чемпиони. Нафақат футболда, балки спортнинг барча жамоавий турлари вакиллари орасида ҳам бундай қатор ютуқларга эришганлар Ўзбекистонда бармоқ билан санарли бўлса керак.

Миржалол Қосимов – ўзбек спортининг ана шундай кам сонли вакилларидан. Аммо унинг ўзига бу ютуқларини эслатишса, футболимизнинг тирик афсонаси эканини айтишса, камтарликдан ва ёки яна бошқа сабаб биланми, барчаси тарих эканини таъкидлайди. Шундай бўлса-да, унинг ўйинларидан баҳра ололмаган янги авлод вакили эканингизни ҳис этиб, «Миржалол ака» деб мурожаат қилсангиз ва футболчилик фаолияти ҳақидаги саволлар билан тинч қўймай, тўрт девор ораси – кабинетда эмас, айнан яшил чим устида суҳбат қурсангиз, хотиралари уйғонишига эришишингиз мумкин. Ана шунда шонли карьерасидаги ҳали бизга номаълум баъзи саҳифаларни очишга муваффақ бўласиз.

Mover'да кўриш (TAS-IX)

YouTube'да кўриш

Масалан, 4-рақам тарихи ҳақида. Шу йилги жаҳон чемпионатидан кейин Россия терма жамоасидаги фаолиятини якунлаган Сергей Игнашевич бир вақтлар «Крилья Советов»да Миржалол Қосимов билан жамоадош бўлган. Ўшанда ёш ҳимоячи ўзбек плеймейкеридан 4-рақамни олиб қўйгани ва гаровда ютқазиб, яна қайтариб беришга мажбур бўлгани ҳақида миш-мишлар юради. Қаҳрамонимизнинг айтишича, бу – рост. У воқеани шундай ҳикоя қилади:

«2000 йил Самарада бўлганди. У пайтда Игнашевич анча ёш йигит, яхши ҳимоячи эди. Ўша йили Ливанда Осиё Кубоги бўлганди. Шу мусобақадан сўнг клубга қайтиб борганимда Россия чемпионати давом этаётган эди. Қарасам, 4-рақамни кийиб олибди. У пайтларда футболчилар ҳозиргидек мавсум бошида рақамлари билан заявка қилинмасди. Бир-бириникини алмаштириб кияверса бўларди.

Олдинда «Торпедо» билан ўйин бор эди. «Йўқ эдинг-ку, терма жамоада эдинг», дегач, кичик ва самимий тортишув бўлган. Жанжал эмас. Ўшанда гап ташлаб қолган: «Гол урсанг, бўлди, бошқа яқинлашмайман». 3:1 ҳисобида ютганмиз – иккита гол урганман. Шундан кейин, [4-рақамга] икки йил – 2000-2001 йилларда умуман яқинлашмаган».

Ёки ундан ҳам аввалроқ, 90-йиллар ўрталарида рўй берган бошқа бир воқеани олсак. Қосимов 1996-1997 йилларда жароҳат олиб, футбол ўйнай олмаган, Германияда операция столига ётган эди. У ерда шифокорлар мураккаб операциянинг оқибатлари учун жавобгарликни ўз зиммасига олишни сўраб, Миржалол Қосимовдан тилхат ёздириб олишган, дейишади. У ўшанда ростан ҳам футболга қайтиш учун таваккалга қўл урганми?

«Доктор қўлида бир варақ қоғоз бор эди. Операция жараёнида рўй бериши мумкин бўлган уч хил ҳолатда улар жавобгарликни бўйнига олмас экан. Бошида ҳақиқатан ҳам қўрққанман. Бундай қоғозга қўл қўйгандан кейин, одам ўйланиб қоларкан.

Ёш, навқирон, кучга тўлган пайтим эди. Менимча, ўша пайтда футбол ўйнашни яхши кўрганлигим ҳам руҳан катта таъсир қилган. Лекин қоғоз қанақадир иккилантириб қўйган. Тўғри тушунтиришгач, бу бўйича клиниканинг ўз тегишли тартиби бор, деганларидан кейин, доктор билан суҳбатлашиб, рози бўлганман. Аллоҳга таваккал қилиб, қўл қўйганман.

Худога шукр, операциядан [яхши] чиқдим. Наркоздан қайтгандан кейинги биринчи сўзим, рафиқамнинг айтишича, «Футбол ўйнайман», деганман. Ҳали наркоз тўла тарқалмаган вақтда, оёғимни қимирлатиб кўриб, биринчи айтганим шу бўлган», – деб эслайди Миржалол Қосимов.

Булардан ташқари, суҳбат давомида собиқ яримҳимоячи, футболчи сифатида кўрган-кечирган бошқа воқеалари ҳақида ҳам сўзлаб берди. Интервьюнинг иккинчи қисмида эса Миржалол Қосимовнинг мураббийлик фаолияти устида сўз борди, биз уни бироз вақтдан сўнг ўқувчиларимиз эътиборига тақдим қиламиз.

Мавзуга оид