Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Енгилмас «Ливерпуль». Клопп премьер-лигада ҳам чемпион бўладими?
Бу мавсумда «Манчестер Сити»да ҳақиқий рақобатчи пайдо бўлди - Юрген Клопп жамоаси премьер-лигада кетма-кет ғалаба қозонмоқда ва лигада мавсумни мағлубиятсиз ўтказаётган ягона жамоа бўлиб турибди. «Ливерпуль»нинг бу мавсумдаги чемпионлик учун имкониятлари қандай?
Трансферлар

«Ливерпуль»ни «қизил машина» деб атай бошлашди. Аввалги мавсумда Клопп жамоаси «Манчестер Сити»дан 0:5, «Тоттенҳэм»дан 1:4, «Суонси»дан 0:1 ҳисобларида мағлуб бўлган, бошқа аутсайдер ва ўртамиёналар билан ўйинларда ҳам очко йўқотганди. Бундай йўқотишлар туфайли Салоҳ, Мане ва Фирминьо чемпионат ўйинларида биргаликда урган 57та гол чемпионлик учун етарли бўлмаганди. Сэр Алекс Фергюсон айтганидек, ҳужумлар ғалабалар келтиради, ҳимоя эса совринни. «Қизиллар» чемпионатни тўртинчи ўринда якунлади, Чемпионлар лигаси финалида ҳимоядаги ва дарвозадаги қўпол хатолар туфайли мағлуб бўлди.
«Ливерпуль» 2017 йил ёзидаёқ ҳимояни кучайтириши керак эди, аммо ўшанда Виржийл ван Дейкнинг трансфери барбод бўлган, Клопп унинг ўрнига бошқасини сотиб олишни истамай, қишгача кутишга қарор қилганди. «Саутҳемптон» январда ван Дейкни қўйиб юборишдан бошқа чора тополмади. Клоппнинг сабри муҳим ролни ўйнади. Ўтган мавсумда нидерландиялик ҳимоячи келгунигача мерсисайдликлар чемпионатдаги ўйинларда (24 ўйин) ўртача 1,17 гол ўтказган, у келганидан кейин эса ўртача 0,71 гол. Ҳозир бу рақамлар янада камтар - 0,38 (ўйинларнинг барчасида ван Дейк иштирок этган).
Яна бир сабр ҳақида. 2017 йил августида «Ливерпуль» «Лейпциг»дан ҳужумкор яримҳимоячи Наби Кейтани сотиб олишга ҳаракат қилишганди. Аммо ўшанда немислар бу трансферни кечиктиришди, футболчи фақат 2018 йил ёзида Англияга кўчиб ўтди. Ушбу гвинеялик илк мавсумдаёқ асосий таркиб футболчисига айланди. Клопп таркибни янада кучайтиришни истаганди, аммо барча трансферни у ҳал қила олмайди. У фақат селекция бўлимига ўз номзодларини таклиф қилиши мумкин, футболчининг сотиб олинишини бошқалар ҳал қилишади. Аммо Фабиньо, Шақирий ва Алиссоннинг трансферлари шуни англатадики, «Ливерпуль» менежменти мураббийнинг сўзларига қулоқ солмоқда. Кейинги бир йилда жамоа зарур позицияларга зарур футболчиларни сотиб олди.
Дарвозабон

Алиссоннинг аҳамиятини алоҳида қайд этиш керак. «Ливерпуль» дарвоза чизиғи кейинги йилларда энг кучсиз чизиқ эди. Бу ҳудуд айрим ҳолларда циркка айланиб кетди. Миньоле ва Кариус «қовун тушириш»да бир-биридан қолишмасди. Бу тартибсизлик ўтган мавсумда ЕЧЛ финалидаги хурмача қилиқлар билан якунига етди.
Ёзда «Ливерпуль» «Рома»га бразилиялик дарвозабон учун 62,5 миллион евро таклиф этди. Кўпчилик ушбу трансферни Клоппнинг яна бир бор пулни бебилиска сарфлаши сифатида қабул қилди ва унинг устидан кулишди. Аммо ушбу дарвозабон ўзининг маҳоратини дамбадам исботлаб келмоқда, икки ҳафта олдин эса «Наполи» билан ўйинда «аср сэйв»ларидан бирини амалга оширди. Ўшанда охирги дақиқаларда голдан сақлаб қолган дарвозабон «Ливерпуль»ни ЕЧЛ плей-оффига олиб чиққан, Клопп ҳам буни шундай тан олганди: «Мен унинг бундайлигини билганимда икки баробар кўпроқ тўлардим».
CLUTCH SAVE FROM ALISSON TO QUALIFY pic.twitter.com/wD1DETUWDg
— . (@VintageSalah) 11 декабря 2018 г.
Алиссон рақибнинг хаёлини ўқийдигандек. Барча «Ливерпуль»нинг шармандали дарвозабонларига кўникиб қолган, ҳамма бу жамоанинг мудофаа чизиғини кучсиз ҳисоблаб келарди. Лекин энди барчаси ўзгарди: «Ливерпуль» ўтган 18 турда атиги 7 марта гол ўтказиб юборди, Алиссон эса рақибларни 5 марта муқаррар голдан маҳрум этди. «Наполи»ни ЕЧЛ плей-оффидан мосуво қилиш баробарида, «Челси»га иккинчи голни уришга йўл қўймади, «Брайтон» охирги дақиқаларда ҳисобни тенглаштиришига имконият қолдирмади, «Эвертон» билан ўйинда илк дақиқаларда ҳисоб очилишига тўсқинлик қилди. The Guardian нашрининг таҳлилчиси Жонатан Уилсон Алиссонинг бошқа жиҳатларини ҳам эътироф этади: «У аниқ паслар беради, ҳеч қачон ваҳимага тушмайди ва бошқаларга ҳам хотиржамлик бахш этади».
Ўтган мавсумда «Ливерпуль» фақат бир ўйинда 1:0 ҳисобидаги устунликни сақлаб қололган. Бу мавсумда эса «Брайтон», «Ҳаддерсфилд», «Эвертон» ва «Наполи» билан ўйинларда жамоа минимал ҳисобдаги ғалаба билан ўйинни якунлай олди.
Буни фақат бир дарвозабон билан боғлаш муболағали, жамоанинг ҳимоя чизиғи ҳам етарлича тер тўкмоқда.
Тактика
Клопп ҳамиша футболчиларни фақат ва фақат олға чопишга ундарди, аммо энди у ўзининг «ҳэви-метал футбол»ини ўзгартирди. Ёзда у ўйиннинг бошқа жиҳатларига ҳам эътибор қарата бошлади, масалан аутлар бўйича мураббий ёллади. Ўсиш бор: Гомез қанотдан тўпни 11 метрлик нуқта атрофига ташлаб бермоқда, бундай вазиятлардан бирида унинг узатмаси Англиянинг Хорватияга гол уриши билан якунланганди.
Jesse Lingard goal England 1 Croatia 1 ( Spain is now IN! ) pic.twitter.com/T7y2X8M0bi
— JayJay ☊ (@jjpedre) 18 ноября 2018 г.
«Ливерпуль» энди прагматик ўйин ҳам кўрсата олади. Шу билан биргаликда гол уришдан тўхтамайди. Аввал жамоа биринчи, иккинчи ёки учинчи голдан кейин ҳам фақат олдинга чопган бўлса, энди мақсадлар ўзгарган. Бу мавсумда «Ливерпуль»нинг рақиблари иккинчи бўлимда биринчи бўлимдагига қараганда анча кам зарба беришмоқда.
Статистикага мурожаат қиламиз. Бу чемпионатда Клопп жамоаси рақиб ҳудудидаёқ тўпни қайтариб олиб, ҳужумни қайта бошлаши ҳолати ҳар ўйинда ўртача 4,1 мартадан кузатилмоқда. Ўтган мавсумда бу кўрсаткич ҳар ўйинга ўртача 4,5 марта эди. «Ливерпуль»нинг рақиблари ўйини ҳам ўзгарган: ҳозир рақиблар майдон марказида ўртача 12,8 марта пас узатмоқда, ўтган мавсумда бу кўрсаткич 11,2 мартага тенг эди. Бундан ташқари, бир йил муқаддам рақиб бир ҳужум вақтида ўртача 10,9 метр масофа босиб ўтган. Ҳозир бу кўрсаткич 11,9 метргача ўсган. Кўринишидан, «қизиллар» прессинг ва «қарши прессинг»ни сусайтиришган, лекин энди футболчилар камроқ чарчашмоқда ва охирги дақиқаларда ҳам диққатни йўқотишмаяпти.
«Ливерпуль» мослашувчан бўлиб олди. Бир йил муқаддам Клопп фақат 4-3-3 схемасидан фойдаланган ва тактикани фақат ичкаридан ўзгартирган. Шақири келгач эса «Ливерпуль» 4-2-3-1 схемасига ҳам ўта олмоқда. Швейцариялик футболчи жамоа учун ҳақиқий омадли трансфер бўлди. У чемпионшипга равона бўлган «Сток Сити»дан келди ва мерсисайдликларнинг ҳужумдаги ранг-баранглигини таъминламоқда. 4-2-3-1 схемасида у ёки чапда, ёки марказий ҳужумчи ўрнида ҳаракатланади ва Салоҳ эркинроқ ҳаракатланишига ёрдам беради. Клопп уни ҳамиша бошланғич таркибда туширмаяпти, у ва Кейтанинг камроқ ўйнаши иерархия тартиби туфайлидир, иккинчи мавсумдан улар асосий таркибнинг ўзгармас футболчиларига айланишлари аниқ.
2017 йилда Коутиньо-Фирминьо-Мане-Салоҳ тўртлиги Fab Four («Дабдабали тўртлик») дея ном олган, Коутиньо кетгач бу унинг ўрни бўшаб қолганди. Шақири эса бу иборани яна қайтарди.
Истиқбол
«Ливерпуль»да бенуқсон статистика. Жамоа ҳали ҳеч қачон бундай муваффақиятли стартга эришмаганди (15 ғалаба ва 3 дуранг). Аммо рақиблар ҳам кучли, чемпион бўлиш учун уддалаб бўлмас ишларни уддалаш керак. «Рождествогача 48 очко жамғариш - ҳайратомуз кўрсаткич. Аммо бошқа жамоалар ҳам бор. Кучли бешликдаги жамоалар ҳам очколар олиб, таъқиб қилишда давом этишмоқда. Чемпион бўлишимиз учун 105 очко тўплашимиз талаб қилинса керак», демоқда Клопп. (Яъни, иккинчи даврадаги барча ўйинларда ғалаба қозонилиши керак).
Унинг гапида жон бор. «Сити» ўтган мавсумда 100 очко жамғарганди. Лекин ўшанда Гвардиола жамоасига тенг рақиб йўқ эди ва «шаҳарликлар» муддатидан аввал чемпионликни кафолатлашганди. Ҳозир Гвардиола «Барселона»да бўлгани каби муаммоларга дуч келмоқда: бутун дунё унинг жамоасини кузатмоқда ва «Манчестер Сити»нинг ўйинини атомларга бўлиб «ўқишмоқда». Гвардиоланинг тактик ҳийлалари ҳақида маълумотлар жуда кўп, шу туфайли исталган мураббий ўз жамоасини таҳлилчилар гуруҳи ёрдамисиз унга қарши тайёрлаши мумкин. Яна бир томондан «Сити»нинг таркиби жуда кучли ва аллақандай «Брайтон» бу таркибни енгишга қодир эмас.
Аммо «шаҳарликлар» бу мавсумда асосий етакчилари тез-тез жароҳат олиши туфайли очколар йўқотишди. Де Брюйне икки марта жароҳат олди, иккинчи жароҳатидан узоқ вақт даволанди. У чемпионатда фақат 5 ўйинда майдонга тушди. Унинг сафга қайтиши «Кристал Пэлас»га қарши ўйинга тўғри келди, аммо унинг ажойиб голи жамоани мағлубиятдан қутқариб қололмади (2:3). Унинг қайтиши арафасида эса жамоа сардори Давид Сильва ҳам жиддий жароҳат олиб, «боксинг дэй»да жамоага ёрдам бера олмайдиган бўлганди.
«Ливерпуль»да таркиб билан боғлиқ муаммолар йўқ. Футболчиларнинг барчаси соппа-соғ, баланс ҳам жойида. Кўринишидан, Клопп оптимал тактик вариант топган кўринади. Ҳозир хавф йўқ, апрель-май ойида эса футболчилар ҳолдан тойиши ва оддий ўйинларни бой бера бошлаши ҳам мумкин. Лекин 5 мавсум аввал, 2013-14 чемпионликка яқин келган Брендан Роджерснинг жамоаси билан ҳозирги «Ливерпуль» ўртасида катта фарқ бор. Ўша мавсумда қизиллар жуда кўп гол ўтказиб юборишганди (50 гол), жамоа керакли ўйинларда жуда кўп очко йўқотарди. Ҳозирги «Ливерпуль» эса хотиржам, ишончли ва барқарор, асосийси бу жамоада ҳал қилувчи паллада тойиб кетадиган футболчи йўқ...
Мавзуга оид
17:54 / 18.04.2025
Анчелотти «Реал»дан кетиши кутилмоқда. Унинг ўрнига даъвогарлар маълум
13:10 / 21.05.2024
«Вест Бромвич мўъжизаси». Юрген Клопп фаолиятига назар
09:43 / 28.04.2024
Салоҳ ва Клопп ҳамманинг олдида баҳслашди. «Ливерпул»да яна йўқотиш
11:50 / 26.02.2024