22:17 / 27.12.2018
9924

Эски бино, совуқ даҳлиз, нураган деворлар... - хонқаликларга янги кутубхона керак

Хоразм вилояти Хонқа туманида истиқомат қилувчи кишилардан Kun.uz таҳририятига марказий кутубхонанинг абгор аҳволи ҳақидаги мурожаат келиб тушди.

«Хонқа туманининг марказий кутубхонаси ҳозирги кунда жуда эски бинода фаолият кўрсатяпти. Ўз биноси бундан тахминан 20 йил олдин бузиб ташланган. Шуни ўрганиб, мақола ёзсангиз. Агар шароит яхшиланса, китобхонлар жуда хурсанд бўларди. Ахир ёш авлодга китобни севиш, уни ардоқлаш кераклиги ўргатилаётган бир пайтда, кутубхонанинг аҳволини кўриб, фарзандларимиз шашти пасайиб кетса ажабмас», - дейилган эди мурожаатда.

Хонқа тумани марказий кутубхонаси Ғалаба кўчаси 1-уйда жойлашган. 2006 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 381-сонли қарорига асосан, Хонқа Қурилиш ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи тасарруфига ўтказилган ва номи «Ахборот ресурс маркази» деб ўзгартирилган. Замонавий номни олган бўлса-да, кутубхона жуда эски бинода, оғир шароитда фаолият юритаётганди.

Айни пайтда, унда 7 нафар ходим ишламоқда. Кутубхона фонди 88 мингдан ортиқ китобдан ташкил топган. 2800 нафардан ортиқ ўқувчи кутубхонага аъзо бўлган.

Кутубхона ўтган асрнинг тахминан 50-йилларида барпо қилинган бинода жойлашган. У аста-секин эскириб, нураб бормоқда.

Бир неча йил олдин газ таъминотидаги узилиш натижасида, кутубхонанинг истиш тизими музлаб, ёрилиб кетган. Айни пайтда бино иситилмаяпти, унинг даҳлиз ва хоналари жуда совуқ.

Кутубхонанинг ўқув зали. Хоналар етишмовчилиги туфайли, у даҳлизда ташкил қилинган. Бу ерда ўқувчи-китобхонларни учратиш амримаҳол, чунки даҳлиз жуда совуқ.

Кутубхонада интернет тармоғига уланган, эски русумдаги 5та компьютер бор. Улардан бири ахборот–ресурс хонасида турибди.

Китоблар махсус стеллаж ва жавонларда сақланмоқда. Кутубхона ходимларининг сўзларига кўра, уларни сақлаш меъёрларига амал қилиняпти.

Касб-ҳунар коллежи томонидан янги котёл олиб келинган. У яқин орада ўрнатилиши ва иситиш тармоғига уланиши режалаштирилмоқда.

Хонқа Қурилиш ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи раҳбари Баҳодир Фозилов билан учрашиб, кутубхонадаги ҳолат бўйича изоҳ олдик.

«Бу кутубхона 2006 йилда коллежимиз тасарруфига ўтказилди. Эски бинода жойлашган. Бир неча йил олдин, газ йўқлиги туфайли иситиш тизими ёрилиб кетган эди. Яқинда газ таъминоти қайта тикланди. Шундан сўнг, котёл олдик, энди иситиш тизими қувурларини таъмирлаб, тез орада ишга туширишни режалаштирмоқдамиз. Газ идорасидан техник хулосани олсак, ишни бошлаймиз.

Ўтган йили коллежимизни капитал таъмирлашдан чиқардик, жуда катта ҳажмдаги ишлар бажарилди. Энди навбат кутубхонага келиб турибди. Ёзда уни ҳам ўз имкониятимиздан келиб чиққан ҳолда капитал таъмирламоқчимиз», - деди Фозилов.

2006 йил 20 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Республика аҳолисини ахборот-кутубхона билан таъминлашни ташкил этиш тўғрисида»ги 381-сонли қарори қабул қилинган эди.

Унда Маданият ва спорт ишлари вазирлиги кутубхоналарини Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, ОЎМТВнинг Ўрта махсус касб-ҳунар таълими маркази, Халқ таълими вазирлиги ихтиёрига ўтказиш йўли билан олий ва ўрта махсус таълим муассасалари ва умумтаълим мактаблари ҳузурида ахборот-ресурс марказларини тузиш белгилаб берилган.

Бундан ташқари, ахборот ресурс марказларини молиялаштириш давлат бюджети ҳисобидан, хусусан, Молия ва Иқтисодиёт вазирлиги томонидан, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш эса маҳаллий ҳокимият томонидан амалга оширилиши кўрсатилган.

Президент қарорининг 6-бандига қараймиз:

Белгилансинки, ахборот-кутубхона ва ахборот-ресурс марказлари фаолиятини молиялаштириш давлат бюджети маблағлари ва ҳомийларнинг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Иқтисодиёт вазирлиги билан биргаликда 2007 йилнинг январидан бошлаб ахборот-кутубхона ва ахборот-ресурс марказларида электрон кутубхоналарни ташкил қилган ҳамда илғор ахборот технологияларини тадбиқ этган ҳолда ушбу марказларни компьютерлаштириш учун зарур маблағлар ажратилишини назарда тутсин.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ахборот-ресурс марказларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга кўмаклашишни таъминласин.

Фикримизча, Хонқа тумани марказий кутубхонаси Президент қарорига асосан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, хусусан, Хонқа Қурилиш ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи тасарруфига ўтказилган, «Ахборот ресурс маркази»га айлантирилган, лекин уни молиялаштириш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш масаласи эътиборсиз қолдирилган. 

Кутубхонани молиялаштириш масаласини касб-ҳунар коллежи зиммасига қолдириш – тушунарсиз. Коллежнинг ўзи давлат бюджети маблағларига қараб турган шароитда - бу мантиқсиз. 

Эски ва нураб бораётган бинони капитал таъмирлаш ғоясига ҳам қўшилмаймиз. Бу бино «ёшини ёшаб бўлган», у замонавий, шинам кутубхона талабларига мутлақо жавоб бермайди. Уни таъмирлаб, вақтинчалик самарага эришилганидан кўра, янги бино қуриш ёки замонавий, шинам бошқа бинога кўчирган яхши эмасми?

Президент қарорида ахборот-ресурс марказларининг асосий вазифалари сифатида миллий маънавий-ахлоқий қадриятларни кенг кўламда тарғиб қилиш, халқнинг маданий-тарихий меросидан баҳраманд бўлишни таъминлаш, маънавий бой ва уйғун камол топган шахснинг ижодий ўсиши учун имконият яратиб бериши кўрсатиб ўтилган. Аммо жисмонан ва маънан эскирган Хонқа тумани марказий кутубхонаси биносида бунга эришиш амримаҳол бўлса керак...

Нурмуҳаммад Саид

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top