20:40 / 29.12.2018
13620

Мирободда “Ёш журналистлар мактаби” очилди

Фото: Ўзбекистон ёшлар иттифоқи

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, “Ёшлар медиа маркази” ННТ ҳамда “Mening yurtim” телеканали ҳамкорлигида ёш бошловчилар, мухбирлар ҳамда ёш операторларнинг иқтидорини қўллаб-қувватлаш мақсадида пойтахтимизнинг Миробод туманидаги “Ёшлар маркази”да “Ёш журналистлар мактаби” ташкил этилди. Бугун мазкур мактабнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Қаҳрамон Қуранбоев, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси бошқаруви раиси Фирдавс Абдухаликов, “Mening yurtim” телеканали директори Қобилжон Аҳмедов ва журналистикага ҳавасманд ёшлар иштирок этди.

Маросимда Ёшлар етакчиси Қаҳрамон Қуранбоев мамлакатимизда навқирон авлод вакилларига қаратилаётган эътибор ҳақида алоҳида тўхталиб, яқин келажакда ушбу мактабдан маҳорат сирларини ўрганган ёш журналистлар етишиб чиқишига ишонч билдирди.

Эндиликда мазкур мактабнинг умидли ижодкорлари томонидан ёшлар ҳаёти оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилиб, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши тизими учун малакали журналистлар захираси яратилади.

“Ёш журналистлар мактаби” ўқувчилари телерадио, матбуот ва интернет журналистикаси бўйича билим олади. Мактабда устоз-шогирд анъаналари йўлга қўйилиб, унда ташкил этиладиган маҳорат дарсларини таниқли ижодкорлар, профессионал операторлар ҳамда монтаж режиссёрлари олиб боради. Яна бир муҳим жиҳати машғулотлар бепул олиб борилади.

Замонавий талаблар асосида ташкил қилинган мактабда тасвирга олиш майдони, овоз ёзиш студиялари мавжуд бўлиб, “Юлдузча”, “Мен юлдузман”, “Мажнунтол”, “Сардорлар”, “Кофе брейк” каби бир-биридан қизиқарли кўрсатувлар тайёрланади.

Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси бошқаруви раиси Фирдавс Абдухаликов “Ёш журналистлар мактаби”га ўхшаш лойиҳаларни юртимизнинг ҳар бир ҳудудида ташкил этиш мақсадга мувофиқлигини таъкидлаб ўтди.

Тадбирда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришга қаратилган ислоҳотларда оммавий ахборот воситаларининг ўрнини кучайтириш вазифасига доир масалалар хусусида ҳам атрофлича фикр юритилиб, олиб борилиши муҳим бўлган вазифалар белгиланди.

Шаҳноза Нуруллаева

Top