ИИВ ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилишга чақирди
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси янги йил байрами кунларида хавфсизлик қоидаларига риоя этишга чақирди.
«Кунлар совиши билан электр, газ ёки бошқа ёқилғида ишлайдиган иситиш мосламаларидан фойдаланишга эҳтиёж ортади. Бунда эътиборсизлик туфайли ёки носоз, ностандарт иситиш мосламаларини ишлатиш натижасида ёнғинлар содир бўлиши мумкин.
Ёнғинларнинг олдини олиш мақсадида иситиш мосламаларидан фойдаланишда қуйидаги ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилишингизни сўраймиз:
- қўлбола ҳамда носоз газ, электр ва бошқа ёқилғида ишлайдиган иситиш мосламаларидан фойдаланманг;
- иситиш мосламаларини ўрнатишда ва фойдаланишда уларни ишлаб чиқарган корхонанинг тавсияси ва йўриқномаси талабларига риоя қилинг;
- иситиш печлари ва мўриларнинг созлигига доимо эътибор беринг;
- иситиш печларини ҳаддан зиёд қиздириб юборманг;
- газ ва электр иситиш мосламаларини назорат қилишни ёш болаларга топширманг;
- газ ускуналарини улаш тартиб-қоидаларига риоя қилинг;
- ташқи ҳимоя қобиқлари шикастланган электр симлари ва кабеллардан фойдаланманг.
Мабодо хонада газ ҳидини сезсангиз, чироқ ва учқун чиқарувчи мосламалардан асло фойдаланманг, дарҳол хонани шамоллатиш чорасини кўринг ва бу ҳақда «104» телефон рақами орқали газ хизматига хабар беринг. Ёнғин содир бўлган тақдирда Ёнғин хавфсизлиги хизматининг «101» телефон рақамига қўнғироқ қилинг.
Ушбу қоидаларга риоя этиш билан Сиз ўзингиз ва яқинларингизни ҳамда уй-жойингизни ёнғиндан сақлаб қолган бўласиз!», дейилади хабарда