Ўзбекистон | 00:46 / 30.12.2018
30293
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда янги халқаро аэропорт қурилиши ишлари давом этмоқда 

«Тошкент-Шарқий» аэродроми базасида фуқаролик (хизмат) авиацияси замонавий аэропорт мажмуасини қуриш ишлари давом этмоқда, деб хабар бермоқда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти матбуот хизмати. 

Лойиҳага кўра, аэропорт 2та терминалдан иборат бўлади. Дастлабки терминал давлат раҳбарлари ва расмий делегацияларни кутиб олиш учун мўлжалланган. Бир вақтнинг ўзида 250 нафар йўловчини сиғдира оладиган навбатдаги терминал йўловчилар билан бирга ишбилармон ва тадбиркорларга хизмат кўрсатади. Шунингдек, ҳаво комплексида замонавий юк терминали фаолияти ташкиллаштирилади. 

Аэропорт барча турдаги ҳаво кемаларини, шу қаторда Airbus A380 самолётини кутиб олади ва уларга хизмат кўрсатади. Ҳар бирининг узунлиги 4 минг метрни ташкил этувчи иккита учиш-қўниш йўлаклари парвозлар хавфсизлигини таъминлашни ҳисобга олган ҳолда халқаро талабларга жавоб берадиган тарзда қурилмоқда. 

Лойиҳада ҳаво кемаларини турли ноқулай об-ҳаво шароитларда ҳам учиш ва қўнишини таъминловчи ИКАО III тоифасига мансуб замонавий ёруғлик сигнали, радиотехник ва метеорологик асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш кўзда тутилган. 

Бугунги кунга келиб биринчи учиш-қўниш йўлида 17 минг кубометр бетон қуйиш ишлари амалга оширилди. Иккинчи йўлнинг қурилишида 125 минг кубометр тупроқ ишлари бажарилган. Қурилиш-монтаж ишларига 300 дан ортиқ махсус техникалар жалб қилинган ҳамда 200 нафардан зиёд юқори тажрибали мутахассислар ва ишчилар меҳнат қилмоқда. 

Яқин кунларда янги аэропорт мажмуасида маъмурият, “кетринг”, трансформатор нимстанциялар бинолари ҳамда ёқилғи қуйиш комплекси ва аэропортнинг бир маромда фаолият юритишига хизмат қилувчи бошқа объектлар қад ростлайди.

Лойиҳанинг биринчи босқичини 2020 йилда якунлаш режалаштирилган. 

Эслатиб ўтамиз, мазкур иншоотни қуриш вазифаси “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятига юклатилган.  

Мавзуга оид