Жаҳон | 10:14 / 04.01.2019
29678
1 дақиқада ўқилади

Магнитогорск фожиаси. Барча қурбонларнинг шахси аниқланди

Фото: РИА Новости / Илья Московец

Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбарининг ўринбосари Александр Чуприян маълум қилишича, Магнитогорскда уй қисман қулаши оқибатида ҳалок бўлган барча 39 кишининг шахси аниқланди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар бермоқда.

У вайроналар остидан чиқариб олинган сўнгги жасаднинг шахси аниқланганига доир саволга ижобий жавоб қайтарган. Хабар берилишича, бу аёл киши бўлган.

Аввалроқ, Россия ФВВ Магнитогорскда қидирув-қутқарув амалиёти тугаганини эълон қилганди.

Александр Чуприяннинг айтишича, вайроналар остидан сўнгги жасад чиқариб олинди. Шунингдек, бинода бошқа кишилар йўқ.

«Қидириш-қутқарув амалиёти тугалланди», - деди Чуприян. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Магнитогорскда йўналишли таксидан уч кишининг жасади топилгани, тергов уйдаги портлаш теракт эмаслигини билдиргани хабар қилинганди.

Мавзуга оид