Ўзбекистон | 08:18 / 05.01.2019
14913
2 дақиқада ўқилади

Меҳнат кодексининг янги таҳрири ишлаб чиқилади

2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури лойиҳаси тақдим этилди.

Ҳужжатга биноан меҳнат муносабатларини такомиллаштиришга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг янги таҳрири ишлаб чиқилади.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси тайёрланади. Лойиҳада:

бозор иқтисодиёти талабидан келиб чиқиб, норасмий меҳнатдан фойдаланишнинг олдини олишга қаратилган рағбатлантирувчи нормалар;

ишнинг ўзига хос хусусиятига кўра, меҳнат шартномасини тузиш 
ва бекор қилишнинг  соддалаштирилган тартиби, ходим билан бир вақтда иш берувчининг ҳам манфаатларини ифодалайдиган қоидалар;

Халқаро меҳнат ташкилотининг тавсияларини имплементация қилиш ва меҳнат муносабатларини тўғридан-тўғри тартибга солувчи нормалар назарда тутилади.

Бажариш муддати - 2019 йил 20 декабрь, ижро учун масъуллар - Меҳнат вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги, Касаба уюшмалари Федерацияси, Савдо-саноат палатаси.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид