Ўзбекистон | 10:33 / 08.01.2019
5119
5 дақиқада ўқилади

«Чинозйўлиндустрия» «Ўзбекистон темир йўллари» балансига берилади

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Чинозйўлиндустрия” унитар корхонаси бинолари ва иншоотларини ва унга тегишли бўлган ҳудуди билан баланс қийматида "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ балансига берилиши ҳақида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Қайд этилишича, Тошкент вилояти хўжалик судининг «Чинозйўлиндустрия» УКга нисбатан 11.05.2017 йилдаги ажрими билан 12 ойга ташқи бошқарув киритиш орқали банкротлик процедурасини амалга ошириш бошланган;

Тошкент вилояти хўжалик судининг 29.06.2018 йилдаги ажрими билан ташқи бошқарув   процедураси 6 ойга узайтирилган.

Ҳужжат билан «Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг, Автомобиль йўллари бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат қўмитасининг, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат қўмитасининг ҳамда «Чинозйўлиндустрия» УК кредиторлари мажлисининг:

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ томонидан «Чинозйўлиндустрия» УКнинг кредиторлик қарзлари кредиторлар реестрига мувофиқ тўла ҳажмда тўланиши тўғрисидаги;

«Чинозйўлиндустрия» УКда банкротлик процедураси  якунланганидан сўнг  «Чинозйўлиндустрия» УКни чегарадош ҳудуди билан мулкий мажмуа сифатида «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ устав капиталида давлат улушини ошириш ҳисобига ўтказиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилиши мумкин.

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат қўмитаси билан биргаликда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ устав капиталини  «Чинозйўлиндустрия» УК активларининг баланс қиймати маблағига тенг миқдорда ошириш бўйича тегишли чоралар кўрадилар.

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ:

қабул қилинаётган мулкий мажмуа базасида «Кўприкқурилиш» трести УК таркибида темир-бетон оралиқ қурилмалари ишлаб чиқаришни  ташкил этишни таъминлайди;

2019 йил охиригача Ўзбекистон Республикаси Президентининг    2017 йил 4 октябрдаги “Автомобиль йўллари кўприкларини, йўл ўтказгичлар ва бошқа сунъий иншоотларни қуриш, ҳамда фойдаланишни ташкил этиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПҚ-3309 – сонли қарорига мувофиқ, қабул қилинаётган объект базасида инвестициялар, шу жумладан хорижий инвестицияларни жалб қилган ҳолда жаҳон стандартларига  жавоб берадиган юқори технологияли темир-бетон маҳсулотлари  ва конструкцияларини ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхона яратишни кўзда тутади.

Хомашё базасини яратиш мақсадида қуйидагилар таъминланади:

Ўзбекистон Республикаси  геология ва минерал ресурслар Давлат қўмитаси томонидан ўрнатилган  тартибда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг «Кўприкқурилиш» трести УК талабномалари бўйича норуда фойдали қазилмаларга эга ер майдонларидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи тегишли лицензияларни бериш;

«Чинозйўлиндустрия» УКдан ўтказилаётган ишлаб чиқариш майдони ҳудудидаги ер қаъри участкаларидан фойдаланаётган хўжалик субъектларининг лицензиялари амал қилиш муддати тугаши билан, ушбу майдонларга «Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг «Кўприкқурилиш» трести УК  учун  лицензияларни расмийлаштириш;

Тошкент вилояти хокимлиги томонидан тегишли ер майдонларини ажратиш;

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш Давлат қўмитаси биргаликда, истисно тартибида, «Кўприкқурилиш» трести УКга тендер савдолари ўтказмасдан «Хавфсиз дарё» ДУК билан тўғридан-тўғри шартнома тузиш йўли билан дарё ўзанини тозалаш учун майдон ажратиш.

Тошкент вилояти ҳокимлиги:

бир ойлик муддатда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг талабномаси бўйича ер майдонини бириктириш ва амалдаги коммунал хўжалигининг муҳандислик коммуникацияларига уланиш бўйича тегишли рухсатномаларни расмийлаштиришни таъминлайди;

31.12.2018 йилгача муддатда «Чинозйўлиндустрия» УКдан илгари бегоналаштирилган ер майдонларини ҳокимлик захирасига қайтаришни ва босқичма-босқич «Ўзбекистон темир йўллари» АЖга ўтказишни таъминлайди.

Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг биринчи ўринбосари - «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бошқаруви раиси А.Ж. Раматов зиммасига юкланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид