Спорт | 20:30 / 09.01.2019
47135
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Осиё Кубогини ғалаба билан бошлади

Осиё Кубогининг F гуруҳидан ўрин олган Ўзбекистон терма жамоаси биринчи турда Уммон терма жамоасига қарши ўйнади.

Қийин кечган учрашув ўзбекистонликларнинг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Ўйиннинг биринчи бўлимида терма жамоа сардори Одил Аҳмедов жарима зарбасидан ҳисобни очганди.

Ҳужумда фаолроқ ҳаракат қилган уммонликлар 72-дақиқада ҳисобни тенглаштиришди, захирадан ўйинга қўшилган Муҳсин Ал-Ҳассаний қарши ҳужумда гол урди.

Лекин Эктор Купернинг ўз вақтида амалга оширган футболчи алмаштиришлари самара берди, ўтказилган голдан кейин майдонга туширилган Икром Алибоев ва Элдор Шомуродов комбинацияси гол билан якунланди - 2:1.

Иккинчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда Егор Кримец сўнгги умид фоли учун майдондан четлатилди. Қолган вақт давомида ўзбекистонликлар ғалабани сақлаб қолишди.

Бу натижадан кейин Ўзбекистон терма жамоаси илк 3 очкони олиб, гуруҳдан чиқиш имкониятларини яхшилади. Гуруҳдаги иккинчи учрашувда Туркманистонни мағлуб этган (3:2) Японияда ҳам 3 очко бор.

Ўзбекистон гуруҳ босқичидаги иккинчи ўйинни 13 январь куни Туркманистонга қарши ўтказади. Гуруҳдаги сўнгги баҳс эса 17 январь куни Япония терма жамоасига қарши бўлиб ўтади.

Осиё Кубоги
Ўзбекистон – Уммон 2:1

Голлар: Одил Аҳмедов (34), Шомуродов (85) – Муҳсин (72)
Ўзбекистон: Игнатий Нестеров, Акмал Шораҳмедов, Анзур Исмаилов, Сардор Рашидов (Достон Ҳамдамов, 59), Одил Аҳмедов, Жалолиддин Машарипов (Икромжон Алибоев, 79), Олег Зотеев, Егор Кримец, Отабек Шукуров, Жавоҳир Сидиқов,  Марат Бикмаев (Элдор Шомуродов, 83).
Уммон: Аммар Ар-Рушайдий, Холид Ал-Баракий, Саад Ал-Муҳайний, Муҳаммад Ал-Мусалламий, Жамил Ал-Яҳмадий (Салоҳ ал-Яҳёий, 86), Ҳариб Ал Саъдий, Али Ал-Бусайдий, Муҳсин Ал-Ҳолдий (Муҳаммад Ал Ҳассаний, 86), Аҳмад Ал-Маҳажрий, Холид Ал-Ҳажрий (Муҳсин ал-Ҳассаний, 67), Роид Иброҳим Солиҳ.
Огоҳлантиришлар: Жалолиддин Машарипов (29), Игнатий Нестеров (58)
Қизил карточка: Егор Кримец (90+2).

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид