Жамият | 10:21 / 10.01.2019
56381
10 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон фуқаролиги қандай тартибда олинади?

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон ички ишлар идоралари Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимларида «фуқаролиги йўқ шахс» тушунчаси кенг муомалада. Бундай шахслар, Ўзбекистонда овоз беришдан ташқари бошқа барча ҳуқуқ ва эркинликлардан тенг фойдаланади. Улар тадбиркорлик қилишлари, хусусий мулкка эга бўлишлари, ўрта ва олий таълим олишлари мумкин. 

Уларга Ўзбекистон фуқаролигини бериш эса, маълум бир маъмурий жараёнларни ўз ичига олади. Айримларнинг Ўзбекистон фуқаролигини сўраб ёзган аризаси рад этилса, бошқаларга қаноатлантирилади. Қайд этиш ўринлики, 2016 йилнинг сўнгги ойларидан бошлаб, фуқаролиги йўқ шахсларга фуқаролик тақдим этиш бўйича ижобий қарорлар қабул қилина бошланди ва кўплаб кишиларнинг бир неча йиллик орзулари ушалди. 

Аммо, орамизда шундай кишилар ҳам борки, улар Ўзбекистонда таваллуд топиб, шу ерда таҳсил олиб, олий таълимни давом эттираётган ёки бошқа иш билан шуғулланаётганларига қарамай, фуқаролиги йўқ шахс ҳисобланади. 

Яқинда Kun.uz таҳририятига Сурхондарё вилояти, Шўрчи туманида туғилиб, бугунги кунда Термиз Давлат университети тарих факультети 2-босқич талабаси Абдулмажид Яхшибоевдан мурожаат келиб тушди. У гарчи Ўзбекистонда дунёга келиб, 16 ёшга тўлганида Ўзбекистон фуқаро паспортини олганига қарамай, кейинчалик ота-онаси фуқароликдан маҳрум этилгани боис, ундан ҳам фуқаролик олиб қўйилганини таъкидлаган. Шу муносабат билан таҳририят тасвирга олиш гуруҳи Сурхондарё вилоятига сафар қилиб, Абдулмажид Яхшибоев туғилиб ўсган хонадонда меҳмон бўлди. Биз Абдулмажиднинг отаси Турди ака билан фуқаролиги йўқ шахс бўлиш ҳақида суҳбатлашамиз.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

«Фуқаролик паспортига эга бўлмасликнинг, фуқаролиги йўқ шахс сифатида яшашнинг ҳам қийинчиликлари кўп. Энди уни бошидан ўтказганлар билади. Бирор жиноят бўлса, биринчи бўлиб сизни тергов қилишади. Ҳатто соатлаб ушлаб туришарди. Яшаб турган жойингиздан узоққа чиқа олмайсиз, баъзида. Тўғрисини айтиш керак, охирги икки йилда чақир-чақирлар, қаерда бўлганингиз ҳақида ҳисоб беришлар камайди», - дейди Турди ака. 

Бундан ташқари, бевосита мурожаатчи, болаликдан ногирон Абдулмажид Ўзбекистон фуқаролик паспортини Ўзбекистонда туғилган шахс сифатида олишга ҳақли, деб ҳисоблаши, тегишли идоралар ҳам уни фуқароликка мансуб деб топишлари кераклигига доир ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Абдулмажид биз билан суҳбатни ота-онасининг Ўзбекистонга келиб қолишлари, уларнинг Ўзбекистон фуқаролик паспортидан маҳрум қилинганига доир тарихий лаҳзаларни ёдга олишдан бошлади. 

Абдулмажид Яхшибоев

«Менинг ота-бобом асли ўзбекистонлик, Сурхондарёнинг Шўрчисидан. Бобом отамга ватанга қайтишни маслаҳат қилганларидан кейин Шўрчига 1992 йилда кўчиб келган. Озод маҳаллада қариндошимизникида пропискада турган. Онам ҳам шу йили келган. Кейинчалик, алоҳида хўжалик бўлиб чиқишган. Мен 1993 йили Шўрчи тумани Озод маҳалласида туғилганман. Менга ички ишлар идоралари ота-онанг доимий рўйхатда бўлмаган, дейишмоқда. Ота-онамнинг менга нима даҳли бор, мен шу ерда туғилганман-ку, ўзим ўзбекман. Мен фақат адолат тикланишини истайман», - деди Абдулмажид биз билан суҳбатда.

Абдулмажиднинг сўзларига кўра, бу масалада, унинг фуқаролик ҳуқуқлари поймол бўлмоқда. Чунки, Ўзбекистонда туғилиб, миллати ўзбек бўлишига қарамай, унга Ўзбекистон фуқароси паспорти ўзбекистонликларга берилганидек тартибда эмас, балки хорижий ёки фуқаролиги йўқ шахсларга тақдим этилиши мумкин бўлган тартибда берилиши айтилмоқда. 

Айни масалага ҳуқуқий жиҳатдан изоҳ олиш ва фуқаролиги йўқ шахслар Ўзбекистон фуқаролигини олиш учун нималар қилиши кераклигига ойдинлик киритиш мақсадида Сурхондарё вилояти ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси раҳбари Санжар Қобиловга мурожаат қилдик. 

Сурхондарё вилояти ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси раҳбари
Санжар Қобилов

Санжар Қобиловнинг билдиришича, Абдулмажид Яхшибоев бир неча бор мурожаат қилган. Унга мурожаати бўйича тушунтиришлар берилган.

«Абдулмажид Яхшибоев 1993 йилда Ўзбекистонда туғилган бўлса-да, ота-оналари ўша вақтда Ўзбекистонда доимий рўйхатда турмаган. Шу боисдан, уларга даставвал берилган фуқаролик паспортлари, нотўғри ҳужжатлар асосида берилгани сабабли, Жиноят ишлари бўйича Қумқўрғон туман суди томонидан бекор қилинган. 

Шунга кўра, 1992 йил 2 июндаги «Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисида»ги қонуни талабига кўра, қолаверса, суд ҳукми ижросини таъминлаш мақсадида, 1992 йил 28 июлгача Ўзбекистонда доимий рўйхатда турмаган ота-онанинг фарзандлари сифатида Турди Ишмуродовнинг болаларига ҳам фуқаролиги йўқ шахсларга бериладиган ҳужжатлар расмийлаштириб берилган», - деди Сурхондарё вилояти ИИБ МваФРБ бошлиғи, подполковник Санжар Қобилов. 

Унинг таъкидлашича, Абдулмажид Яхшибоевга одатдагидек паспорт берилиши учун даставвал суд қарори бекор қилиниши керак. Акс ҳолда, фақатгина фуқароликни сўраб берилган илтимоснома орқали паспорт берилиши ва фуқароликка қабул қилиниши мумкин. 

Хўш бунинг учун қандай ҳужжатларни кимга тақдим этиш керак бўлади? Аввалроқ, Kun.uz сайтида Ўзбекистон фуқаролигини олиш учун нималар қилиш кераклиги, қандай ҳужжатлар талаб этилишига доир мақола эълон қилинган эди. Қуйида ушбу ҳужжатлар тўплами билан яна бир бор танишиб олишингиз мумкин.

Хўш, умуман, Ўзбекистон фуқаролигини олиш учун қандай ҳужжатлар топширилади?

Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 2 июлдаги «Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисида»ги Қонуннинг 17-моддасига кўра, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ушбу қонунга биноан келиб чиқиши, ирқи, миллати, жинси, маълумоти, тили, динга муносабати, сиёсий ва бошқа эътиқодларидан қатъиназар Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиниши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилиш шартлари қуйидагилардан иборат:

Чет эл фуқаролигидан воз кечиш;
•  Сўнгги беш йил давомида Ўзбекистон ҳудудида доимий яшаганлик;
•  қонуний тирикчилик манбаларининг мавжудлиги;
•  Ўзбекистон республикасининг Конституциясини тан олиш ва бажариш;

Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш бўйича қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилиши керак:
•  Президент номига илтимоснома;
•  2 нусхада сўровнома-ариза;
•  чет эл фуқаролигидан чиққанлигини тасдиқловчи ҳужжат (фуқаролиги йўқ шахслардан ташқари);
•  таржимаи хол;
•  қонуний яшаш манбаи ҳақида гувоҳлик берувчи ҳужжат (иш жойидан ўртача иш хақи ҳақидаги ёки унинг ўрнини босадиган нафақа, ёрдам пули, дивидентлар ва бошқа яшаш манбаи ҳақидаги маълумотнома);
•  давлат божи тўланганлиги ҳақидаги квитанция;
•  4 дона «3.5-4.5» ўлчамдаги фотосурат;
•  туғилганлик ҳақида гувоҳнома;
•  никоҳ тузилганлиги ёки бекор қилинганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг асл нусхаси;
•  меҳнат дафтарчасидан нусха;
•  уй дафтарчасидан нусха;
•  сўров анкетасининг 20-бандида ўзи билан бирга вояга етмаган фарзандларини фуқароликка қабул қилишни сўраса, уларнинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномасидан нусха ҳамда 14-18 ёшгача бўлган фарзандларининг нотариал тасдиқланган розилик хати.

Аризачи юқорида кўрсатилган барча ҳужжатларни топширган пайтдан бошлаб тақдимнома ижро учун қабул қилинган деб ҳисобланади. Ҳужжатлар тўпламини қабул қилган ички ишлар органи уни тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармасига юборади.

Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ, вилоятлар, Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармалари Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилиш тўғрисидаги ҳужжатлар расмийлаштирилиши тўғрилигини текшириб, ушбу масалалар юзасидан 2 нусхада ҳужжатлар йиғма жилдини юритади ва давлат хавфсизлик тегишли органларининг фикрини сўрайди ҳамда материаллар ва хулосаларни Ташқи ишлар вазирлигига юборадилар.

Ташқи ишлар вазирлиги ўз хулосасини Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилиш тўғрисидаги материаллар билан биргаликда президент ҳузуридаги Фуқаролик масалалари билан шуғулланувчи комиссияга ва республиканинг тегишли ваколатли органлари (ДХХ ва ИИВ)га юборади. Мазкур ваколатли органлар президент ҳузуридаги Фуқаролик масалалари билан шуғулланувчи комиссияга фақат ўз хулосаларини юбориб,  ҳужжатларни эса Ички ишлар вазирлигига қайтаради.

Ваколатли органларнинг ҳар бирида фуқароликка оид материалларни кўриб чиқиш муддати бир ойдан, умумий муддати эса — фуқаролик масалалари бўйича ҳужжатлар очилган пайтдан бошлаб бир йилдан ошмаслиги керак.

Фуқаролик масалалари билан шуғулланувчи комиссия ҳужжатларни кўриб чиқади ва президент қарор қабул қилиши учун таклифлар тақдим этади. Фуқароликда ўзгариш президент Фармони эълон қилинган кундан бошлаб юзага келади.

Эслатиб ўтамиз, собиқ иттифоқ (СССР) парчалангач, унинг ҳудудида бир нечта мустақил давлатлар пайдо бўлгач, уларнинг ҳудудларида «фуқаролиги йўқ шахс»лар пайдо бўлди. Бир кун ичида бир давлат фуқаролари, бир неча ўн йиллар мобайнида қариндош-уруғ, қуда-анда бўлиб келган аҳоли чегаранинг икки томонида қолди. Бу ҳолат Ўзбекистоннинг барча чегарадош ҳудудларида ҳам кузатилди. Асли ўзбекистонликлар Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Қозоғистонда қолишган бўлса, ушбу республикаларда туғилиб, Ўзбекистонга келган, аммо кетишга қарор қила олмаганлар Ўзбекистонда қолиб кетишди. Айни шулар «фуқаролиги йўқ шахс»га айланишди. 

Мавзуга оид