Ўзбекистон | 10:07 / 10.01.2019
27073
2 дақиқада ўқилади

ФВВ «Қамчиқ» довони бўйича тарқалган маълумотларни рад этди

Фото: ФВВ ахборот хизмати

ФВВ ижтимоий тармоқларда  «Қамчиқ» довонида қор ёғиши натижасида тирбандликлар юзага келганлиги тўғрисида тарқалган маълумотларни рад этди. 

«Ижтимоий тармоқларда 8 январь куни «Қамчиқ» довонида қор ёғиши натижасида тирбандликлар юзага келганлиги тўғрисида асоссиз маълумотлар тарқалди. Ушбу маълумотларга аниқлик киритиш мақсадида қуйидагиларни маълум қиламиз:

А-373 «Тошкент-Ўш» автомобиль йўлининг «Қамчиқ» довонида 2019 йилнинг 8 январь куни қор ёғиши кузатилган ва ўртача ҳарорат -4 даражани ташкил этган, йўлнинг қатнов қисмида икки томонлама ҳаракат амалга оширилган, қор уюмлари ва музламалар, шунингдек, ҳеч қандай тирбандликлар юзага келмаган», - дея таъкидлаб ўтишган ФВВдан.

«Ўзгидромет» хизмати томонидан берилган маълумотларга кўра, жорий йилнинг 10 январь куни «Қамчиқ» довонида ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик кузатилмайди.

11 январь куни ҳаво булутли бўлади, қор ёғади, туман тушади ва кўриш масофаси 50-100 метрга қисқаради. Шамол ғарбдан секундаги 7-12 метр, баъзан 17-22 метр тезликда эсади. Ҳарорат кечаси ва кундузи 3-6 даража совуқ. Йўлда қор уюмлари ва музламалар бўлиши мумкин.
 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид