Light | 10:57 / 11.01.2019
17338
2 дақиқада ўқилади

Олимлар ортиқча вазн ва мия ўлчами ўртасида боғлиқлик борлигини аниқлашди 

Фото: Getty Images

Лафборо университети олимлари (Буюк Британия) тажрибавий йўл билан инсонда ортиқча вазн мавжудлиги ва унинг мияси массаси ўртасида боғлиқлик борлигини аниқлашди. Бу тадқиқот билан EurekAlert нашри бўлишди. 

Олимлар ёши 55 дан катта 9652 кишининг бели ва сони нисбатини ўлчаб, синалувчилар организмидаги ёғ фоизини ҳисоблаб чиқишди. Улардан 20 фоизида ёғ қатламлари ҳисобига ортиқча вазн борлиги аниқланган. Бундан ташқари, синалувчилардан тажрибадан олдин ёши, қон босими, жисмоний фаоллик даражаси ва чекишга муносабати ҳақидаги маълумотлар олинган. 

Сўнгра магнит-резонанс томография ёрдамида синалувчиларнинг миясидаги кулранг ва оқ моддалар миқдори аниқланган.

Тажрибанинг амалий қисмида ортиқча вазнга эга синалувчиларда миянинг катта яримшарлари қобиғида кулранг модда миқдори камроқлиги яққол кўринган. Айнан кулранг модда организмнинг ҳаракат фаоллиги, нутқ, хотира, ҳиссий қабул қилиш, эшитиш ва кўриши назорати учун жавоб беради.   

Аввалроқ шундай тажрибалар ёрдамида болалигида меҳр-муҳаббат кўрмаганлар ва тан жазосига учраганларда кулранг модда миқдори камлиги аниқланганди.   

Мавзуга оид