Ўзбекистон | 19:53 / 12.01.2019
32638
6 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда мавжуд электростанциялар ярим қувват билан ишла​япти –​ эксперт

​Ўзбекистонда қиш мавсуми бошланиши билан аҳолини кўп ўйлантирадиган асосий масала – узлуксиз электр энергия таъминоти бу мавсумда кафолатланадими? Негаки, республиканинг нафақат олис ҳудудлари, балки вилоят марказлари, ҳаттоки, Тошкент шаҳрида ҳам узилишлар кузатилиши одатий ҳолга айланмоқда. 

Соҳа атрофида йиғилиб қолган муаммолар, энергетика келажаги ҳақида энергетик-муҳандис Зафар Сафоев билан фикр алмашиб, ушбу интервьюни Kun.uz ўқувчиларига ҳавола этамиз.

– Зафар ака, аҳоли томонидан энергетикага оид муттасил берилаётган саволларга жавоб борми?

– Албатта, доим кузатиб келамиз. Ташқарида юрсам ҳам, Ўзбекистондаги вазиятдан доим бохабар бўлишга ҳаракат қиламан. Ўзбекистонда кузатилаётган узилишлар табиий ҳол эди. «Ўзбекэнерго» АЖ «узлуксиз беришга ваъдалар» беради. Аслида, бунинг имконияти йўқ. Чунки, узлуксиз энергия билан таъминлаш учун, шунча ишлаб чиқариш қуввати ҳам бўлиши керак. 2016 ё 2017 йил эълон қилинган статистикага кўра, 59 млрд кВт/с электр энергия ишлаб чиқарилган. Бунинг ҳисобини қилганимда, Ўзбекистонда мавжуд электростанциялар ярим қувват билан ишлаётгани ойдинлашди. [Электростанцияларнинг] энг ёши ҳам 20 йил аввал қурилган. Янгилари эса қурилмаган. Аксинча, мустақиллик йилларида аҳоли сонида ўсиш давомий кузатиляпти, уларнинг даромади ошгандан кейин, электротехникага бўлган эҳтиёж ошади: уйга совутгич, телевизор, компьютер сотиб олади. 

Бундан ташқари, янги фабрика, заводлар очилмоқда. Буларнинг барчаси электроэнергия билан ишлайди. Улар энергия билан таъминланмаса, аҳолининг истеъмоли учун назарда тутилган энергия ҳиссасидан олишга тўғри келади. Мана шу сабабдан ҳам, кўп жойларда электроэнергияда узилишлар бор. 

– Сиз таъкидлаяпсизки, [электростанциялар] ярим қувват билан ишлаяпти. Кўпинча, бу – ёқилғи масаласига боғлиқ, кўмир ё газнинг етишмаслиги, ўз вақтида, сифатли маҳсулот етказилмаслиги. Шунингдек, жойларга ҳам етказиб берилмаётган газнинг ўрнини иссиқлик энергияси сифатида босиш электроэнергия зиммасида қолмоқда. Табиийки, яна-да кўпроқ энергия талаб этиляпти. Биз анъанавий энергетикадан воз кечиб, замонавий услубларга ўтишимиз керакми?

– Анъанавий энергия ишлаб чиқаришдан воз кечишимиз керак эмас. Такомиллаштириш зарур. Электростанцияларнинг кўпи жуда эски. Трансформаторлар маънан эскирган. Унда муаммо чиқса, таъмир ишлари кўп вақт талаб этади. Тузатсангиз, бошқаси бузилади. Мана шунақа муаммолар кўплиги ҳам узилишларга таъсир қилади. 

Бундан ташқари Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган энергиянинг 90 фози ИЭСда пайдо бўлади. У ерда, асосан, газ ва кўмир ёқишади. Лекин газ ёқиб энергия олиш – энг қиммат энергия ишлаб чиқариш тури. Жаҳон бозорида газнинг нархи ошиб боряпти. Ривожланган мамлакатларда ҳам ИЭСларда кўмир ёқиб, энергия ишлаб чиқариш кенг жорий этилган. [Ўзбекистонда] газ тармоқларининг эскирганлиги учун, унда ҳам узилиш бор. Яна бир нарса аниқ эмаски, ИЭСда катта миқдорда ишлаб чиқарилган иссиқлик энергияси қаерга йўналтирилиши ҳам номаълум. 

– Ўзбекистон энергетикаси тўғрисида сўз юритсак, ундаги тизим замон талабларига жавоб беряптими?

– Саволга жавоб беришдан аввал, «Ўзбекэнерго» фаолиятига назар ташласак. Барча жабҳада ваколатлар ягона ташкилот – «Ўзбекэнерго»га берилган. У акционерлик жамияти ҳисобланади, яъни тижорий фаолият билан шуғулланиши керак. Бундан ташқари, ташкилотга расмиятчилик, яъни лицензия бериш, назорат қилиш, фаолиятни тартибга солиш ваколатлари ишониб топширилган. Мана шу тизим совет пайтидан қолган. Уни таг-томиридан ислоҳ қилмаса, ўзгартиш қилиш жуда қийин. «Ўзбекэнерго» аввалдан эскича ишлаш услубидан воз кечмаган. Янги электростанциялар қурилгани, тармоқларда ривожланишни кўрганимизда, айтса бўларди: булар иш қиляпти, деб. Шу пайтгача иш қилинмади. Энергетик сифатида таклиф қилган бўлардим: «Ўзбекэнерго»ни ёпиш ёки унга бошқа вазифани юклаш керак.

Чунки, «Ўзбекэнерго»га энергияни ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳам киради. ГЭСларни ажратиб беришди, аммо ташкилот электротармоқларнинг назоратини сақлаб қолган. Тармоқларнинг ҳудудий бошқаруви ҳам «Ўзбекэнерго»га тегишли. Барпо этиш масаласи ҳам уларнинг ваколатида. Бозор иқтисодиёти шароитига ўтаётган давлатда мана бу тизимнинг ишлаши мантиққа тўғри келмайди. 

Германияда электротармоқларни монопол компаниялар назорат қилади. Масалан, 4та йирик монопол компания мамлакатдаги юқори вольтли барча тармоқларни назорат қилади. Улар ўзининг ҳудудида монопол. Кичик ё паст вольтли тармоқларни ҳудудий электротармоқ бошқармалари назоратга олган. Аммо уларнинг ҳеч бири расмиятчилик билан шуғулланмайди. Ҳаммаси тижорий фаолият билан шуғулланувчи компаниялар саналади. Аҳолига энергияни етказиб бериш учун тармоқлар қуради, ишлаб чиқарилган ортиқча энергияни бошқа давлатлар сотишга имконият қидиради. Яъни, биз монополмиз, истаса-истамаса, бизга келади, деган тамойил билан иш олиб борилмайди. 

Интервьюни видео форматда тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

 

Мавзуга оид