Ўзбекистон | 22:44 / 17.01.2019
24991
2 дақиқада ўқилади

Лондонда ишлаган мутахассис Навоий вилояти ҳокимига маслаҳатчи бўлди

Фото: Навоий вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Узоқ йиллар хорижда ишлаб тажриба орттирган мутахассис – Жўраев Назиржон Хомидович Навоий вилояти ҳокимининг инвестиция ва инновациялар бўйича маслаҳатчиси вазифасига тайинланди. Бу ҳақида Навоий вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Н.Жўраев 1983 йилда Кармана туманида туғилган. Навоий давлат кончилик институтини битирган. 2007 йилда Лондон бухгалтерия ва молия коллежини тамомлагач, 2011 йилгача Англияда “Oceanic Village LTD” компаниясида менеджер, 2018 йилгача “Jones Lang Lasalle” компаниясида бизнес иншоотларини бошқариш бўйича менеджер ёрдамчиси вазифаларида ишлаган. Шунингдек, Лондон қимматли қоғозлар бозорида тажриба тўплаган. Шу даврда Англия Раскин университетининг магистратура босқичида таълим олган.

«Ўзбекистонда мен каби ёш мутахассисларнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётганини кўриб, туғилиб ўсган юртимга қайтиб, хизмат қилишга қарор қилдим. Вилоят ҳокимининг таклифидан руҳланиб, ғайрат ва шижоат билан ишга киришмоқдаман. Навоий вилояти жуда катта ресурсларга бой ҳудуд ҳисобланади. Хусусан, ер ости ва ер усти табиий захираларидан қурилиш индустриясида кенг фойдаланиладиган шиша, мармар ва гранит тошлари ҳамда базальт толасини ишлаб чиқариш имкониятларини ўрганиб чиқдим. Хорижий инвесторлар билан мустаҳкам кооперация алоқаларини ўрнатиб, импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича вилоятда катта имкониятлар мавжуд экан. Хорижда ўрганганларимни ҳаётда қўллаш имкониятига эга бўлганим учун Президентимиздан жуда миннатдорман», – дейди ҳоким маслаҳатчиси Н.Жўраев.

Тажрибали мутахассис вилоятга камида 2 та халқаро банкларнинг инвестицияларини жалб этиш, Германиядаги халқаро университетнинг филиалини очиш ҳамда бир қатор инновацион ғояларни ўз ичига олган инвестицион лойиҳалар бўйича ўз таклифларини илгари сурмоқда.

Мавзуга оид