Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкентда балконлари қулаб тушган уй юзасидан экспертиза ўтказилади
Тошкент шаҳри Учтепа туманидаги кўп қаватли уйларнинг бирида балконлар қулаб тушиши факти муносабати билан Учтепа ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 8-бўлими томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда. Бу ҳақда Kun.uz мухбири шаҳар ИИББ матбуот хизматига таянган ҳолда хабар бермоқда.
Кеча, 17 январь куни соат тахминан 18:40 да Тошкент шаҳри Учтепа тумани 23-кварталда жойлашган 20-уйнинг 5-қаватдан 2-қаватгача устма-уст жойлашган тўртта хонадоннинг балконлари қулаб тушгани маълум қилинганди.
«Айни пайтда терговга қадар текширув олиб борилмоқда. Шунингдек, мазкур ҳолат юзасидан мувофиқ экспертиза тайинланиши назарда тутилган», – дейилади Тошкент ИИББ хабарида.
Kun.uz мухбири билан суҳбатлашган Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги матбуот хизматига кўра, айни чоғда вазирлик ҳузуридаги Кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ходимлари воқеа жойида ҳолатни ўрганмоқда.
Маълум қилинишича, 2018 йилда инспекция томонидан 13 мингдан ортиқ уй-жой техник назоратдан ўтказилган бўлиб, текширув давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича белгиланган тартибда мурожаатлар амалга оширилган.
Қурилиш соҳасида фаолият олиб бораётган Technosmart Engineering компанияси директори, қурувчи-муҳандис Абдулазиз Абидовнинг фикрича, балконга ғишт териш мумкин эмас, кўтара олмайди, бузилиб тушади.
«Ўрнига енгил ашё (сэндвич-панель, пеноблок, газоблок, пенополистиролбетон блок, ёғоч ёки енгил металл каркас) ишлатиш керак, деб одамларга тушунтирсак, шаҳарда ҳамма ғиштли балкон турибди, бизники ҳам тураверади деб, гапимизга эътибор қилишмас эди.
Қўшимча қилиб айтишим мумкин. Одамларда балконларни ўраб олиб яшаш майдонини кенгайтириш учун эҳтиёж бор. Техник жиҳатдан бу ишни тўғри амалга ошириш зарур. Шунда хавфсиз бўлади», – дейди у.
Маълумот учун, Ўзбекистонда уйларни қуриш, турар жойларни қайта қуриш ва ўзгартириш, муҳандислик қурилмаларидан фойдаланиш, коммунал хизматлар билан таъминлаш билан боғлиқ муносабатлар Уй-жой кодекси ва бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.
Мавзуга оид
09:07 / 10.07.2025
“Маҳалламиз буни кўтара олмайди”: фуқаролар Uchtepa City'нинг 16 қават бўлишига қарши
14:47 / 09.07.2025
Фарҳод кўчасидаги автомобил эҳтиёт қисмлари бозорида жиноий гуруҳ аъзолари ушланди
20:09 / 25.05.2025
Тошкентдаги кўп қаватли уйларнинг бирида ёнғин чиқди
10:21 / 02.01.2025