Спорт | 23:35 / 21.01.2019
50287
2 дақиқада ўқилади

Эктор Купер: «Жамоанинг келажагига оптимистик қараяпман»

Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Эктор Купер Осиё Кубоги 1/8 финалидан ўрин олган Австралияга (0:0, пен 2:4) қарши ўйиндан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

«Жамоамдан фахрланаман. Футболчилар майдонда қўлидан келганича астойдил ҳаракат қилишди. Ўйинда менга ёқмаган ягона нарса – иккинчи бўлимнинг илк 15 дақиқасидаги пассивлик.

Албатта, бу мусобақадан кўп нарсани кутган эдик. Аммо ҳозирдан иштирокимизни якунлашга мажбур бўлдик. Пенальтилар серияси ҳам футболнинг бир қисми.

Марат Бикмаевни нима мақсадда майдонга туширдим? Элдор Шомуродов ўйин охирига бориб, жуда ҳам чарчаган эди. У борини бериб ўйнагани учун ҳам толиқди. Марат – жамоамизнинг энг муҳим аъзоларидан.

Сардор Рашидовни Осиё Кубогига олиб келиш қарорим қанчалик тўғри бўлди? Рашидовни турнирга олиб келиш қарорим тўғри бўлди, деб ҳисоблайман. У ўзини энг яхши томондан кўрсатишга уринди. Жамоанинг бошқа барча футболчилари ҳам мусобақага келиш учун қаттиқ меҳнат қилишди.

Ўзбекистон терма жамоасини Жаҳон чемпионатига олиб чиқиш учун қайси томонлардан кучайтириш керак? Ўйинимизнинг барча жиҳатларини яхшилаш устида ишлашимиз керак. Бу масалага мен анча ижобий ёндашаман. Жамоанинг келажагига оптимистик руҳда қараяпман.

Ўзбекистоннинг гранд жамоалари билан ўйинларда дуч келаётган психологик муаммога қандай ечим топиш мумкин? Биз барча томонлама барқарор футбол кўрсатувчи жамоани қуришимиз керак. Осиё Кубогида биз Япония ва Австралия каби Осиёнинг энг яхши жамоалари билан муносиб тарзда ўйнадик ва бу баҳсларда футболчиларда руҳий тайёрлик жиҳатдан муаммо кузатилмади.

120 дақиқа ўйин бўлди ва бу вақтда биз рақибга муносиб қаршилик кўрсата олдик. Барчаси омадга боғлиқ бўлди. Жамоамни Австралиядан кучсизроқ ўйин кўрсатди, дея олмайман», деди Купер.

Мавзуга оид