Фан-техника | 10:38 / 24.01.2019
18748
2 дақиқада ўқилади

Марказий Осиёдаги энг йирик қуёш электр станцияси Қозоғистонда ишга туширилди

Фото: Казинформ

Қозоғистоннинг Қарағанда вилоятида Марказий Осиё ва МДҲдаги энг йирик қуёш электр станцияси ишга туширилди. Бу ҳақда Bnews.kz хабар бермоқда.

«Қозоғистонда энди Марказий Осиёдаги иккита энг йирик қуёш электр станцияси бор. Улардан бири Бурминск ва иккинчиси қуввати 100 МВт бўлган «Сарань» ҚЭС. Қуёш электр станциясида илғор технологиялар қўлланган, яхши панеллар ўрнатилган, барча жараёнлар автоматлаштирилган», - деди Қозоғистон Республикаси энергетика вазири Канат Бозумбаев.

Фото: Казинформ

Шунингдек, унинг таъкидлашича, 2020 йил охиригача умумий қуввати 2353,4 МВт бўлган 50 дан зиёд объектлар қурилади. 2021 йилдан 2023 йилгача умумий қуввати 857 МВт бўлган яна 36 та қайта тикланадиган энергия манбалари объекти ишга туширилади.

Фото: Kursiv.kz

«Ҳозирги кунда республикада умумий қуввати 531 МВт бўлган қайта тикланадиган энергия манбалари бўйича 67 та объект мавжуд. 2018 йил якунлари бўйича қайта тикланадиган энергия манбаларидан олинадиган электр энергияси ҳажми 1,3 млрд КВт.с.ни ташкил этди. Ушбу кўрсаткичларга эришиш учун биз қайта тикланадиган энергетика соҳасига инвестицияларни жалб этиш бўйича бир қатор шартномалар ва меморандумларни имзолаб, 100 миллиард тенге (ёки 283 миллион доллар) миқдорида маблағ йўналтириш бўйича ишларни амалга оширдик», - дея аниқлик киритди Бозумбаев.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистонда мамлакат номини ўзгартириш таклиф этилганди.

Мавзуга оид