Ўзбекистон | 13:18 / 25.01.2019
9539
2 дақиқада ўқилади

Мактабларни компьютер техникаси билан таъминлаш дастури тасдиқланади

Фото: Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “2019-2020 йилларда республикадаги умумтаълим мактабларини компьютер техникаси билан таъминлаш ҳамда халқ таълими тизимида ахборот тизимлари ва маълумотлар базаларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг 2019-2020 йилларда таълим муассасаларини замонавий ахборот-коммуникация техник воситалари билан жиҳозлаш ҳамда халқ таълими тизимида ахборот тизимлари ва маълумотлар базаларини жорий этиш бўйича “Умумтаълим мактабларини компьютер техникаси билан таъминлаш дастури”, “Халқ таълими тизимида ахборот тизимлари ва маълумотлар базаларини жорий этиш дастури” тасдиқланиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги билан биргаликда Халқ таълими вазирлигига 2019-2020 йилларда республикадаги умумтаълим мактабларини компьютер техникаси билан таъминлаш дастурини молиялаштириш ишларида халқаро молия институтлари, ташкилотлари ҳамда имтиёзли хорижий грант ва кредитлари, Ўзбекистон Республикаси инвестиция дастурида давлат бюджетидан жалб этиш чораларини кўради.

Халқ таълими тизимидаги ахборот тизимларини яратиш ва жорий этиш, таълим муассасаларига компьютер ва оргтехникаларини ўрнатиш ва доимий мониторингини олиб бориш бўйича ягона интегратор этиб Халқ таълими вазирлигининг Халқ таълими соҳасида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази белгиланади ҳамда ўз ваколати доирасида Марказни топшириқлари халқ таълими тизимидаги барча ташкилотлар ва муассасалар учун мажбурий деб белгиланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид