18:23 / 25.01.2019
6937

«Минглаб мақолалар таҳлил қилинди». Олий суд ўтказган танлов ғолиблари аниқланди

Бугун, 25 январь куни Олий суд томонидан 2018 йилда ўтказилган «Адолат – қонун устуворлигида» танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирни Олий суд раиси К. Камилов очиб берди.

«Сизлар билан кўришиб турганимдан мамнунман. ОАВ ва судларимизнинг ҳамкорлиги халқимизга тўлақонли суд-ҳуқуқ воқеаларини етказиш учун хизмат қилмоқда. Янгиликлардан кенг жамоатчиликни хабардор қилиш, халқ ишончини, тизимдаги шаффофликни таъминлаш ишлари биргаликда олиб борилмоқда. Журналистларимиз томонидан берилаётган материаллар холис, ишончли бўлиши керак. Бу ҳам жамиятда қонунчиликни таъминлашга хизмат қилади. Айтиш мумкинки, охирги 2 йил катта ишлар қилинди, хусусан 2018 йил ҳам самарали ўтди. Биз ҳозир «ўтиш даври»дамиз. Дунёда биринчилардан бўлиб доимий ишловчи очиқ судни ташкил қилдик.

Ушбу танлов доирасида бизга кўплаб материаллар топширилди. Уларни кўриб саралаб чиқдик. Ғолибларни қутлаймиз», дейди Олий суд раиси.

Ушбу танловга 2018 йил 1 январдан 15 ноябргача республика миқёсидаги газета, журналларда чоп этилган, интернетда ёритилган, телевидение ва радиода берилган судлар тизимидаги ислоҳотларни ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тарғиб қилишга, аҳолининг бу борадаги ҳуқуқий саводхонлигини оширишга, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга йўналтирилган мақолалар, интернет материаллари, кўрсатувлар, эшиттиришлар қабул қилинган.

Танловда иштирок этиш учун жами 5та номинация бўйича 1133та материал топширилган, шундан танлов шартларига мувофиқ келадиган 70 муаллифнинг 641 материали танловда қатнашиш учун қабул қилинган.

1. «Телевидение ва радио йўналишида энг фаол журналист» номинацияси учун 9 муаллифнинг 83 материали танловда қатнашиш учун қабул қилинган.

2. «Босма ОАВ йўналишида энг фаол журналист» номинацияси учун жами 410та материал келиб тушган бўлиб, улардан 22 муаллифнинг танлов шартларига мувофиқ келадиган 310та материали танловда қатнашиш учун қабул қилинган.

3. «Интернет-журналистика йўналишида энг фаол журналист» номинацияси учун 5 нафар муаллифнинг 87та материали танловда қатнашиш учун қабул қилинган.

4. «Энг фаол судья ва суд ходими» номинацияси учун жами 406та материал келиб тушган бўлиб, улардан 25 муаллифнинг танлов шартларига мувофиқ келадиган 118та материали танловда қатнашиш учун қабул қилинган.

5. «Энг фаол илмий ходим» номинацияси учун жами 147та материал келиб тушган бўлиб, улардан 9 нафар муаллифнинг танлов шартларига мувофиқ келадиган 43та материали танловда қатнашиш учун қабул қилинган.

Қуйидагилар танлов ғолиблари бўлишди:

«Телевидение ва радио йўналишида энг фаол журналист» номинацияси

1-ўрин: Қаҳрамон Жамолов – (Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси «O`ZBEKISTON 24» телерадиоканали Бош муҳаррири)

2-ўрин: Шуҳрат Суюнов(Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси «Тoshkent» телеканали «Ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий дастурлар» бош муҳарририяти бош муҳаррир ўринбосари)

3-ўрин: Ҳабибулла Юнусов(Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси «Mahalla» телерадиоканали давлат унитар корхонаси «Mahalla» радиоканали Ижтимоий-ҳуқуқий дастурлар муҳарририяти Бош муҳаррири)

«Босма ОАВ йўналишида энг фаол журналист» номинацияси

1-ўрин: Мороз Юлиана(«Правда Востока» газетаси мухбири)

2-ўрин: Садоқат Аллаберганова –  («Даракчи» газетаси масъул котиби)

3-ўрин: Равшан Шодиев –  («Ўзбекистон овози» газетаси мухбири).

«Интернет журналистика йўналишида энг фаол журналист» номинацияси

1-ўрин: Баҳодир Аҳмедов – (Kun.uz мухбири)

2-ўрин: Абдулла Собиров – («Куч-адолатда» газетасининг Хоразм вилояти бўйича мухбири)

3-ўрин: Муаттар Рўзибоева (Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Халқаро журналистика факультети, 4-босқич талабаси, uza.uz сайтида ёритилган мақолалари учун).

«Энг фаол судья ва суд ходими» номинацияси

1-ўрин: Шахзод Бахтиёров(жиноят ишлари бўйича Чироқчи тумани судининг судьяси)

2-ўрин: Исматилла Маманов(Тошкент вилояти маъмурий судининг судьяси)

3-ўрин: Шавкат Гайбердиев - (Олий суд катта консультанти).

«Энг фаол илмий ходим» номинацияси

1-ўрин: Замира Эсонова(юридик фанлар доктори, профессор)

2-ўрин: Давлатжон Ҳабибуллаев(ТДЮУ кафедра мудири, юридик фанлар номзоди)

3-ўрин: Отабек Пирматов(ТДЮУ ўқитувчиси).

Тақдирлаш маросимида совринларни эгаларига таниқли актёр, Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ раҳбари Акмал Саидов, Ўзбекистон журналистлар уюшмаси раиси Саъдулла Ҳакимов, БМТ тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги вакили Фарид Караханов топширишди.

Олий суд раиси К.Камилов тадбир сўнгида ўз фикрларини айтиб ўтди: «Интернетда турли ҳолатларни кўриб хафа бўламиз. Лекин, шундай вазиятларда тўғри ёндашишимиз керак. Эшикларимиз доимо очиқ. Ўзим ҳам интернетда нима гап деб сўраб тураман. Журналистлар роса талашишяпти, дейишади. Шундай эркинликлар муборак бўлсин. Биз буни янада жадаллаштирамиз. Одамларни суд билан яқинлаштириш ниятидамиз. Суд биноси «совуқ бино» бўлмаслиги керак. Одамларимиз суддан қўрқмаслиги керак. Яна бир бор мукофотлар билан табриклайман».

Top