Ўзбекистон | 08:07 / 25.01.2019
20927
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Оролбўйидаги лойиҳалар учун Билл Гейтс хайрия жамғармасини жалб қилмоқчи

Фото: Rex features / Fotodom

Ўзбекистон Оролбўйи минтақасида инсон хавфсизлиги бўйича БМТнинг кўп томонлама ҳамкорлик траст фонди доирасида «яшил» инвестицияларни рағбатлантириш мақсадида Microsoft компанияси асосчиси Билл Гейтс ва унинг рафиқаси Мелинданинг хайрия ташкилоти маблағларини жалб қилиш ниятида. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар берди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг биринчи ярмида БМТ билан биргаликда траст фонди иши учун молиявий ресурсларни жалб қилиш бўйича стратегия ишлаб чиқишни назарда тутадиган қарорни имзолади, энди унинг 2019 йилга мўлжалланган инвестиция портфели тасдиқланади.

Маблағларни жалб қилиш стратегияси хусусий секторнинг бўлишини ҳам назарда тутиши керак. Шу мақсадда Мирзиёев хайрия фондларига эга трансмиллий компаниялар («Кока-Кола» Фонди, «Ўзкоргаз» компаниялари ва бошқалар) ҳамда Билл ва Мелинда Гейтс Фонди (Bill & Melinda Gates Foundation) каби хусусий ташкилотлар рўйхатини шакллантириш ҳақида кўрсатма берди. Билл Гейтс жамғармаси 50 миллиард доллар миқдордаги активлари билан АҚШдаги энг йирик хусусий фонд ҳисобланади.

БМТнинг кўп томонлама шериклик траст фонди 2018 йил 27 ноябрда БМТнинг Нью-Йоркдаги қароргоҳида расмий равишда ишга туширилди. У Оролбўйи минтақасида экологик фалокат оқибатларини бартараф этишга қаратилган лойиҳалар учун молиявий ва техник воситаларни сафарбар қилиши керак. Фонд 2023 йил охиригача ишлайди.

Жамғарманинг биринчи донори Ўзбекистон ҳукумати бўлди, у 6,5 миллион доллар сармоя киритди. Норвегия, Япония ва бошқа бир қатор мамлакатлар ҳам лойиҳаларни молиялаштиришни хоҳламоқда.

Мавзуга оид