Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Статистика қўмитаси: аҳолининг умумий даромадлари 10 фоизга ўсди
Дастлабки маълумотларга кўра, 2018 йилнинг январь-декабрь ҳолатига аҳоли умумий даромадлари 286,3 трлн. сўмни, бир кишига ўртача ҳисоблаганда 8,7 млн. сўмни ташкил этди. Аҳоли жон бошига реал умумий даромадлари - 7,3 млн сўм.
Давлат статистика қўмитаси хабарига кўра, истеъмол нархларининг ўзгариши сабабли ўтган йил мос даврига нисбатан аҳолининг умумий даромадлари реал ўсиш суръати 10,3%ни, аҳоли жон бошига умумий даромадларининг реал ўсиш суръати 8,4%ни ташкил этди.
Аҳоли жон бошига ўртача умумий даромадлари бўйича Тошкент шаҳрида (16,2 млн сўм) ҳамда Навоий (13,5 млн сўм), Бухоро (10,8 млн сўм), Хоразм (9,1 млн сўм) ва Тошкент (9 млн сўм) вилоятларида ўртача республика даражасидан юқори кўрсаткичлар қайд этилганлиги кузатилди. Аҳоли жон бошига даромадларнинг энг қуйи кўрсаткичлари эса Қорақалпоғистон Республикаси (6,3 млн сўм) ва Наманган вилоятида (6,8 млн сўм) қайд этилди.
Аҳоли жон бошига умумий даромадларнинг энг юқори реал ўсиши Сурхондарё ва Хоразм вилоятларига (11,3%) тўғри келади. Шунингдек, Жиззах (11,1%), Бухоро (9,9%) вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси (9,5%) ҳамда Фарғона (9,2%), Навоий (8,8%) ва Самарқанд (8,5%) вилоятларида аҳоли жон бошига умумий даромад кўрсаткичларининг реал ўсиши республика даражасидан юқорини ташкил этган.
Аҳоли умумий даромадлари ҳажмининг сезиларли даражада ўсиши асосан умумий даромадлар таркибида 71,1% улушга эга бўлган меҳнат фаолиятидан олинган даромадлар (ёлланма ишчиларнинг даромадлари ва мустақил равишда банд бўлишдан олинган даромадлар) ва 23,5%ни ташкил этувчи трансфертлардан олинган даромадларнинг сезиларли ўзгариши ҳисобига юзага келган.
Ҳудудларнинг аҳоли умумий даромадлари таркибида меҳнат фаолиятидан олинган даромадларнинг (ёлланиб ишловчиларнинг иш ҳақи ва мустақил равишда банд бўлишдан олинган даромадлар) энг юқори улуши Навоий (84,2%) вилоятида кузатилди. Аксинча, Тошкент шаҳри, Хоразм, Самарқанд, Наманган, Фарғона ва Андижон вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида ўртача республика даражасидан паст кўрсаткични ташкил этди. Шунингдек, Хоразм вилоятида трансфертлардан олинган даромадлар аҳоли умумий даромадларига нисбатан 30%дан юқори улушни ташкил этди.
2018 йилнинг январь-декабрь ойларида мустақил равишда банд бўлишдан олинган даромадларнинг номинал ўсиш суръати 26,0%ни ташкил этди. Аҳоли умумий даромадлари ҳажмида ушбу даромад манбаи катта аҳамиятга эга бўлиб, унинг улуши 44,8%ни ташкил этди. Ҳудудларда мустақил равишда банд бўлишдан олинган даромадларнинг улуши турлича ва 17,4%дан (Тошкент шаҳрида) 61,7%гача (Жиззах вилоятида) ўзгариб туради. Мустақил равишда банд бўлишдан олинган даромадларнинг ҳудуд аҳоли умумий даромадлари таркибидаги 50% дан юқори улуши Бухоро (52,2%), Сурхондарё (52,0%), Андижон ва Сирдарё (50,5%) ҳамда Самарқанд вилоятларида (50,3%) кузатилди.
Ўтган давр мобайнида пенсия, нафақа ва стипендияларнинг ўзгариши аҳоли умумий даромадларининг 2,3%га ўсиш имконини берди. Ижтимоий трансфертларнинг ўсишига унинг таркибида 82,8% улушга эга бўлган пенсиялар таъсир кўрсатди.