Жамият | 10:15
632
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 10 ёшдан катта аҳолининг қарийб барчаси мобил телефон ишлатади

Ўзбекистонда мобил алоқа воситаларидан фойдаланиш даражаси рекорд кўрсаткичга етди. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилда 10 ёш ва ундан катта аҳолининг 99,3 фоизи мобил телефондан фойдаланган.

Фото: UZSTAT

Қайд этилишича, мамлакатда рақамли технологиялардан фойдаланиш имкониятларининг кенгайиши, мобил алоқа хизматлари қамровининг ортиши ҳамда интернет инфратузилмасининг ривожланиши аҳоли орасида мобил телефонлар оммалашувига хизмат қилган.

Уй хўжаликлари ўртасида ўтказилган танланма кузатувлар натижаларига кўра, сўнгги йилларда мобил телефондан фойдаланувчилар улуши изчил ўсиб борган. Хусусан, 2021 йилда мазкур кўрсаткич 95,7 фоизни ташкил этган бўлса, 2022 йилда 97,8 фоизга етган.

2023 йилда мобил телефондан фойдаланувчилар улуши 99,1 фоизга чиққан ва 2024 йилда ҳам шу даражада сақланиб қолган. 2025 йилга келиб эса бу кўрсаткич яна 0,2 фоиз бандга ошиб, 99,3 фоизни ташкил этган.

Мутахассислар фикрича, мобил телефонлар нафақат алоқа воситаси, балки давлат хизматлари, электрон тўловлар, онлайн таълим, электрон тижорат ва турли рақамли платформалардан фойдаланишнинг асосий воситасига айланиб бормоқда.

Статистик маълумотлар мамлакатда мобил технологиялардан фойдаланиш деярли тўлиқ қамровга етганини кўрсатмоқда. Бу эса рақамли иқтисодиётни ривожлантириш ва электрон хизматлар кўламини кенгайтириш учун муҳим омил сифатида баҳоланмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид