Light | 12:20 / 27.01.2019
12583
5 дақиқада ўқилади

Forbes-30: илм-фан соҳасидаги етакчи ёшлар рўйхати

Фото: Pinterest

Forbes нашри ўз анъанасига содиқ қолган ҳолда 2019 йил аввалида турли соҳалар кесимида америкалик ва канадалик ёшларнинг ўттизталик рўйхатларини эълон қилди.

Эътиборингизга ҳуқуқ ва сиёсат соҳаларидаги кучли ўн бешталик рўйхатини тақдим этгандик.

Энди эса навбат илм-фан соҳасидаги ўн беш нафар умидли олимларга етиб келди. Улар билан танишинг:

Маҳмуд Ориф Павел

Маҳмуд Ориф Павел, 29 ёшда. Докторант, Скриппс тадқиқот лойиҳаси. Маҳмуд Павел танадаги ион каналлари (ўзининг айтишича, улар "ҳаётнинг фундаментал сенсорлари") устида тадқиқот олиб боради. Унинг тадқиқот иши анестезия амалиётини янада хавфсизлаштириши билан бирга ион каналлари орқали автосомал полицистик буйрак касаллигига ҳам янги муолажа усулларини топишда қўл келади.

Жули Блисс Мюллен

Жули Блисс Мюллен, 28 ёшда. Aclarity Water компаниясининг асосчиларидан бири. Aclarity электрнинг паст даражали кучидан фойдаланиб сувни тозаловчи қурилмаларни ишлаб чиқаради. Бу кашфиёт сувдаги металларни ҳам бирор фильтр ёки кимёвий моддаларсиз йўқотади.

Ава Картер

Ава Картер, 27 ёшда. Фан доктори, Стэнфорд университети. Картер эпигеном - организм ҳаётининг у ёки бу нуқталарида генлар иштироки назоратини ўрганади.

Кевин Чен

Кевин Чен, 29 ёшда. Фан доктори, Ҳарвард университети. Кевин Чен ҳашаротлар ҳажмидаги роботларни ясайди. У ҳозир табиий офатлар пайтида бир-бири билан алоқага чиқиб, қутқарув ишларини амалга ошира оладиган роботлар устида ишламоқда.

Жеффри Дик

Жеффри Дик, 28 ёшда. Доцент, Чапел Хиллдаги Шимолий Каролина университети. Жеффри электрохимия воситаларидан фойдаланган ҳолда биологик тизимларни нано ўлчамга келтириш устида тадқиқот олиб боряпти.

Марк Гроден

Марк Гроден, 28 ёшда. SkyRyse компанияси асосчиси. Марк 16 ёшлигида Кейс Вестерндаги Қўшма Штатлар Ҳаво кучлари лабораторияси илмий тадқиқотларига қўшилади ва учувчисиз ҳаво транспорти воситаси яратади. SkyRyse компаниясининг директори энди учувчисиз вертолётларни ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда.

Теодор Хо

Теодор Хо, 28 ёшда. Постдокторант, Стэнфорд университети. Теодор организмнинг қариш биологияси ва уни секинлаштириш бўйича тадқиқот иши олиб боради. У илмий иши давомида ҳужайраларда қариш учун жавоб берадиган ҳали номаълум механизмларни пайқай олди.

Ачута Кадамби

Ачута Кадамби, 29 ёшда. Доцент, Калифорния университети, Лос-Анжелес. Кадамби кўра олиш қобилияти инсондан ҳам ўткир бўлган роботларни яратмоқчи. У туманда ва ҳатто бурчаклараро кўра олиш қобилиятига эга камерани лойиҳалаштирди.

Шон МакКлайн

Шон МакКлайн, 29 ёшда. AbSci компанияси асосчиси. Шон анъанавий илмий поғоналарни четлаб ўтиб, 2011 йилда AbSci компаниясига асос солди. Синтетик биология компанияси генетик модификацияланган E.coli бактерияси воситасида фойдали протеинларни ишлаб чиқаради.

Насрин Мустафозода

Насрин Мустафозода, 28 ёшда. Катта тадқиқотчи олим. Сунъий идрокни ҳикоя қилиб бериш воситасида тилларни шаклан яхшироқ ўрганишга мослаштириш - Насриннинг тадқиқот иши марказида туради. Тадқиқот сунъий идрок билан ишлайдиган дастурлар инсонларни аввалгидан яхшироқ англашига йўл очади.

Даниел Невиус

Даниел Невиус, 29 ёшда. Analytical Space компанияси асосчиларидан бири. Компания яхшироқ ва тезроқ ишлайдиган кичик, лазерлаштирилган сунъий йўлдошлар тармоғини ишлаб чиқариш билан шуғулланишни бошлаган. Компаниянинг илк синов сунъий йўлдоши орбитага чиқарилган.

Деваки Раж

Деваки Раж, 28 ёшда. CrowdAI асосчиларидан бири. Майкл тўфони Флорида қирғоқларидаги манзилларни вайрон қилганида Wide Open West компанияси ҳудуддаги зиён етган бинолар харитасини тузишни сўраган. Девакининг CrowdAI лойиҳаси бу ишни йигирма дақиқа ичида уддалаган. CrowdAI сунъий йўлдош тасвирларини ўрганиб, сунъий идрокдан фойдаланган ҳолда тез ва аниқ картографияни тақдим этади. Дастур қурилган бино, саноат биноси лойиҳаси, табиий офат таъсиридаги ҳудудлар картографиясини максимал аниқликда ажратиб кўрсата олади.

Гитанжали Рао

Гитанжали Рао, 12 ёшда. Ўн икки ёшли Гитанжали симоб топувчи девайси билан 2017 йилда ўтказилган Ёш олимлар беллашувининг (Young Scientist Challenge) бош совринига эга чиқди. Восита мобил илова ёрдамида ичимлик суви таркибидаги симоб миқдорини аниқлайди. Олима кашфиётини янада такомиллаштириш ниятида иш олиб бормоқда.

Кейтлайн Садтлер

Кейтлайн Садтлер, 29 ёшда. Постдокторант, Массачусеттс Технология институти. Садтлер инсоннинг фаол иммун тизими ва тўқималарни тезда қайта тиклай олиши мумкинлиги тўғрисидаги саволларга жавоб топиш учун илмий тадқиқот олиб борган. Ҳозирда у тиббий имплантлар ва чандиқларнинг олдини олиш устида ишламоқда.

Скотт Тан

Скотт Тан, 25 ёшда. Массачусеттс Технология институти тадқиқотчиси. Скотт сунъий синапсни бир кристалли материаллардан ясаб такомиллаштирди. Бу унинг келажакда яратмоқчи бўлган нейроморфик компьютерларининг бир қисмидир. Унинг компьютерлари техник таъминоти инсон мияси ҳаракатларига тақлид қилади.

Мавзуга оид