Ўзбекистон | 08:06 / 28.01.2019
16226
2 дақиқада ўқилади

Туризм қўмитаси: Ўзбекистон бозорига 14 та хорижий авиакомпания қизиқиш билдирмоқда

Фото: Dreamstime

Ўзбекистон бозорига тахминан 14 та хорижий авиакомпания киришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси биринчи ўринбосари в.б. Улуғбек Қосимхўжаев маълум қилди.

«Шахсан ўзим тўртта катта лоукостер компания билан гаплашдим. Ўзбекистон бозорига 14 та турли компания қизиқиш билдирмоқда. Бу фақатгина лоукостерлар эмас. Улар орасида - KLM (Нидерландия), Lufthansa (Германия), Lion Air (Индонезия) ва бошқалар», - деди Қосимхўжаев.

Туркиянинг иккита лоукостери Pegasus Airlines ва Atlasglobal, шунингдек, БААдан Flydubai ҳамда Россиядан яна бир компания Ўзбекистон бозорини кузатмоқда.

«2018 йил авиасоҳада катта ўзгаришлар бўлди, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» монополияни йўқотди. Аэропортларни бошқариш функцияси Uzbekistan Airports’га берилди. Энди ким бозорга кириши масаласи бевосита бош вазирнинг ваколатлари орасида», - дея қўшимча қилиб ўтди у.

Эслатиб ўтамиз, Uzbekistan Airports’га аэропортларни узоқ муддатли ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ҳамда уларнинг инфратузилмасини такомиллаштириш учун инвестицияларни жалб қилиш мажбурияти юклатилган.

Мавзуга оид