Жамият | 11:59 / 29.01.2019
10218
4 дақиқада ўқилади

Қамаши йўллари қачон талабга жавоб беради?

Ўтган йил 13-14 декабрь кунлари президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятига ташриф буюриб, вилоятдаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилди. Шунингдек, ҳудудларни туманларни, жумладан, Қамаши туманини янада ривожлантириш борасида муҳим тавсияларни бергани воҳа аҳлини ғоятда қувонтирди.

Яқинда Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида жойлаштирилган Вазирлар Маҳкамасининг “2019-2020 йилларда Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор лойиҳаси ҳам барчамизни мамнун қилди. Ушбу лойиҳа билан танишиш жараёнида бир қатор таклифлар туғилди.

Жумладан, 4К 340 “Манғит – Қамаши – Чимқўрғон” автомобиль йўли туман марказининг М-39 автомагистрал йўли билан боғловчи асосий йўл ҳисобланади. Аниқроғи тумандаги мавжуд техника қатновининг 95 фоизи ушбу йўлнинг ҳиссасига тўғри келади. Шунинг учун ҳам ушбу “Манғит – Қамаши – Чимқўрғон” автомобиль йўлининг 0-14 километридаги йўлни таъмирлаш туманнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига сезиларли таъсир кўрсатарди.

Шу билан бирга, туман ҳудудидан оқиб ўтувчи Қашқадарё дарёси қирғоғида 51 минг нафар одам истиқомат қилади. Ушбу манзилгоҳлар туман марказидан 60 километр узоқликда жойлашган 7 та маҳалла фуқаролар йиғинидан иборат.

Халқ билан мулоқот доирасида президент порталига қилинган мурожаатлар натижасида 2017 йилда туман ҳудудидаги Қашқадарё дарёси устига кўприк қурилди. Бу эса 51 минг аҳолининг туманга қатнаш масофасини 20 километргача қисқартирди.

Аммо туман ҳудудидан ўтувчи Бош магистрал йўлдан кўприкка олиб борувчи йўл давр талабларига жавоб бермайди. Аслида бу йўлни қуриш 2018 йилга мўлжалланган эди. Лекин бу иш амалга ошмади. Айни кунларда дарё устидаги кўприкка элтувчи икки соҳилдаги йўл ҳам жуда носоз ва хавфлилиги туфайли одамлар қиш-қировли кунларда ўзлари қум тўкиб, қийналиб қатнаб турибди. Шу боис “Чимқўрғон – Қоратепа” автомобиль йўлининг 00-08 км.даги йўлни таъмирлаш одамларнинг айни кўнглидаги иш бўларди.

Бундан ташқари, Қамаши шаҳрига кириб келишда, аниқроғи “Ҳунарманд” савдо комплекси билан Марказий деҳқон бозори оралиғидаги чорраҳада автоуловлар тирбандлиги ҳар куни йўловчиларга жуда кўп муаммолар туғдиради.

Яна бир гап. Қарши–Шаҳрисабз оралиғидаги темир йўлдан тезюрар поездларнинг қатнови йўлга қўйилди. Бу вилоят ҳаётида туризмни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг амалий ифодаси бўлди. Тезюрар поездларнинг қатнови Қамаши туман ҳудудидан ҳам ўтади. Натижада, “Ҳунарманд” савдо комплекси билан Марказий деҳқон бозори оралиғидаги чорраҳада автоуловлар тирбандлиги янада мураккаблашди. Негаки, тезюрар поезд ушбу чорраҳа ёнидан ўтиш олдидан ярим соат бурун темир йўл ўтказмаларидаги тўсиқлар ёпилади. Бу эса шаҳарнинг энг гавжум жойи ҳисобланган ушбу чорраҳада боши-охири йўқ тирбандликни келтириб чиқармоқда.

Шунинг учун ҳам ушбу чорраҳада темир йўл кесишмасига 300 метрлик йўл ўтказгич қуриш долзарб масала бўлиб турибди. Бу йўл ўтказгичнинг қурилиши туман иқтисодий-ижтимоий ривожланишига жуда катта фойда келтириши шубҳасиз.

Баҳодир Шодиев, Панжи Нуртоев,
Халқ депутатлари Қамаши туман Кенгаши депутатлари

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид