Фан-техника | 22:00 / 29.01.2019
8175
2 дақиқада ўқилади

Японлар Нюрбургринг трассасида тезлик рекорди ўрнатишни режалаштиришмоқда 

Япониянинг Aspark компанияси Нюрбургринг трекида электромобиллар учун янги рекорд ўрнатишни режалаштирмоқда. Компания бунга ўзининг ишланмаси – 2 сониядан камроқ вақт ичида 100 км/соат тезликка эриша оладиган Owl гиперкари ёрдамида муваффақ бўлмоқчи. 

Aspark Owl гиперкари 2017 йил Франкфуртдаги автосалонда илк бор намойиш қилинган. Баландлиги 99 см бўлган, икки эшикли ва 850 кг оғирликка эга машина умумий қуввати 435 от кучи бўлган иккита электромотор билан жиҳозланган. Уларни қувватлаш учун нафақат батареялар, балки суперконденсаторлар қўлланган.

Компания бир йилдан кейин машинага ўзгартиришлар киритган ва унинг серияолди версияси умумий қуввати 1166 от кучини ташкил қилувчи 4 моторли куч қурилмаси олган. Гиперкар Тотиги префектурасидаги полигондаги синовлар вақтида 0 дан 100 км/соат тезликкача 1,921 сонияда эришган.

Ҳозирда Нюрбургрингда электромобиллар учун рекорд натижа Хитойнинг Nio EP9 гиперкарига тегишли. Ушбу машина 1360 от кучини берувчи 4 та электромотор билан жиҳозланган ва 100 км/соат тезликка 2,7 сонияда эриша олади. Машина Нюрбургрингни 6 дақиқа 45,90 сонияда ўтган.

Volkswagen ҳам Нюрбургрингда рекорд ўрнатишни режалаштирмоқда. Компаниянинг тахминича, унинг I.D. R спорткари Nio’нинг вақтини яхшилай олади. Айни вақтда немис компанияси машинанинг аэродинамик деталларини такомиллаштириш устида иш олиб бормоқда.

Мавзуга оид