00:39 / 01.02.2019
57565

700 инвестор Tashkent City лойиҳасида иштирок этишни хоҳламаган

Tashkent City лойиҳасида 700 инвестор иштирок этишни истамаган. Қолаверса, маҳаллий банклар ҳам даставвал лойиҳанинг жозибадорлигига ишонмаган. Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Tashkent City қурилиш майдонларига ташкил этилган пресс-тур доирасида лойиҳага инвесторларни жалб қилиш жараёни қандай бўлгани хусусида сўзлаб берди. 

«Президент менга Tashkent City қурилишини 3 йилда тугатиш топшириғини берди. Мен 700дан ортиқ инвестор билан учрашдим. Уларнинг барчаси иштирок этишдан бош тортди, чунки лойиҳа жозибадор эмас эди. Аҳоли уйларини бузиш, одамларни кўчириш ва бошқа муаммолар. Сармоядорлар буни 3 йилда тугатиш мумкинлигига ишонишмади. Кейин мен Murad Buildings ва Real House вакилларига лойиҳа жозибадор эканини тушунтирдим ва уларни таклиф этдим. Қийинчиликларга қарамай, улар розилик билдиришди. Хоҳлардимки, Ўзбекистонда шундай довюрак тадбиркорлар кўпайса. 3 йилда тугаши керак бўлган лойиҳа ижросига ҳамма ҳам кириша олмайди», - деди Ортиқхўжаев. 

У, шунингдек, лойиҳани амалга оширишда маҳаллий банклар ҳам ишонқирамаганлиги, аҳоли кўчирилганидан сўнг, банклар қизиқиш билдирганини таъкидлади. 

«Дастлаб банклар ҳам рад этди. Мен банкларга бориб, бошқарувчилар билан гаплашдим. Уйлар бузилиб, аҳоли кўчирилганидан кейин вазият ўзгарди. Банклар лойиҳага қизиқиш билдира бошлади. 1 гектар ер майдони 2 млн АҚШ долларига баҳоланди. Лойиҳанинг барча иштирокчиларига тенг шароитлар тақдим этилди», - дея қайд этди шаҳар ҳокими.  

Пресс-тур доирасида ташкил этилган матбуот анжуманида йирик лойиҳада иштирок этаётган хорижий компанияларнинг янгидан ташкил этилгани хусусидаги масалаларга ҳам ойдинлик киритилди. Ташқи савдо ва инвестициялар вазири ўринбосари Лазиз Қудратов компаниялар қандай қилиб Tashkent City сармоядорларига айланганини изоҳлади. 

«Компаниялар бир йил, ярим йил аввал ташкил этилгани ҳеч қандай рол ўйнамайди. Бу дунёда кузатиладиган амалиёт. Кўпчилик, қандайдир лойиҳани амалга ошириш учун янги тузилмалар ташкил этади. «Special purpose vehicle» деган ибора бор. Самарали ва таъсирчан молиявий бошқарувни ҳамда солиққа тортишни амалга ошириш учун йирик компаниялар ўзларининг шўъба корхоналарини ташкил этади. У яқинда ташкил этилган бўлиши мумкин, бироқ у айнан лойиҳани самарали бошқариш мақсадида тузилади. Бунда қандайдир жиноий аломатлар бўлиши мумкин эмас», - деди Лазиз Қудратов.

Маълум қилинишича, Tashkent City лойиҳасини амалга ошириш учун 6 мингдан ортиқ киши меҳнат қилмоқда. Ишчиларнинг ойлик маошлари 1 млн 400 минг сўмдан 2 млн 500 минг сўмгачадир. Бундан ташқари, иш жойида 3 маҳал бепул иссиқ овқат, ҳар ойда 200 минг сўмлик озиқ-овқат пули берилади.

Top