Light | 12:51 / 01.02.2019
27537
2 дақиқада ўқилади

«Идора, синф ва кутубхона, савдо дўкони». Бойсундаги ғаройиб чинор тарихи

Сурхондарё вилояти Бойсун тумани Сайроб қишлоғидаги азамат чинорлар ўз бағрида синоатларни яшириб келган. Шулардан бирининг ғаройиб тарихи ҳақида Mahalla газетаси қизиқарли маълумотлар эълон қилди.

Табиат ёдгорлиги сифатида давлат қарамоғига олинган чинорнинг ёши, олимларнинг фикрича, 950 йилга яқин. Унинг баландлиги 26, диаметри нақ 21 метрни ташкил этади. Танасининг баландлиги бўйича ўлчами 9,7 метрга тенг. Меҳробли эшикни эслатувчи ковагининг катталиги эса нақ 7 метрга тенг. 

Ана шу ковакда ўтган аср бошлари, яъни Октябрь тўнтаришига қадар эски мактаб фаолият юритган ва кўплаб сайробликларнинг саводхон бўлишига «ҳисса» қўшган. 

1920 йилдан бошлаб кўҳна чинор қишлоқ кенгаши идораси сифатида хизмат қила бошлаган. 1932 –1934 йилларда биринчи отлиқ аскарлар полкининг лагер кутубхонаси сифатида китобларга бошпана бўлган. 1936 йилдан бошлаб эса қишлоқ савдо дўкони сифатида одамларнинг ҳожатини чиқарган.

ЎзА хабарига кўра, ушбу баҳайбат дарахт ковагида бугунги кунда мўъжаз музей ташкил этилган.

Мавзуга оид