00:47 / 02.02.2019
15380

Қозоғистонда Ўзбекистон ва Хитойдан ноқонуний миграция канали бартараф этилди 

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳри полиция департаменти ички ишлар вазирлигининг миграция хизмати қўмитаси ходимлари Ўзбекистон ва Хитойдан одамларни ноқонуний миграция қилиш билан шуғулланган жиноий гуруҳнинг фаолиятига чек қўйди. Бу ҳақда Қозоғистон ички ишлар вазирлиги вакили Алмас Садубаев маълум қилган.  

Чимкентда ўтказилган махсус операция 31 январда амалга оширилган. Оқибатда 200 дан кўпроқ хорижликни ушлашга муваффақ бўлинган. 

Шаҳардаги ташкилотлардан бири ҳудудида Хитойнинг 73 фуқароси ва Ўзбекистоннинг 137 фуқароси ушланган.

Ҳуқуқ-тартибот идораларининг ўрнатишича, Хитойдан муҳожирлар транзит авиарейслар ёрдамида келишган. Улар Қозоғистон ҳудудига келгач, қонунларга хилоф равишда у ерда қолишган. Ҳозирда бу одамларни депортация қилиш масаласи ҳал қилинмоқда.  

Таъкидланишича, ноқонуний канал Хитойнинг 2 фуқароси ва бир қозоғистонлик аёл томонидан ташкиллаштирилган. 

Айни вақтда ушбу ҳолат юзасидан Қозоғистон Жиноят кодексининг 394-моддаси бўйича тергов олиб борилмоқда.

Top