Жаҳон | 18:30 / 04.02.2019
7743
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Gerald Ford суперавиаташувчиларини буюртма қилди

АҚШ Ҳарбий денгиз кучлари Huntington Ingalls кемасозлик компаниясига 100 минг тонна сиғимли Gerald Ford типидаги икки кема ясаш учун расмий буюртма берган. АҚШ Ҳарбий денгиз кучлари икки авиаташувчи учун 15 млрд доллардан кам сарфламоқчи эмас.

Икки кема асосий CVN-78 кемаси ва CVN-79 серияли иккинчи авиаташувчига қўшимча сифатида ясалади. АҚШ Ҳарбий денгиз кучлари режаларига кўра, барча тўрт кема 2025 – 2030 йилларда флотга топширилади. Флотга 50 йилдан буён хизмат қилаётган Nimitz типидаги кемалар Ҳарбий денгиз кучлари таркибидан чиқарилади ва утилизация қилинади.

АҚШ авиаташувчилар флотини янгилагач, палуба авиацияси тизимини ҳам бутунлай янгиламоқчи: Gerald Ford авиаташувчиларида F/A-18 қирувчилари ўрнига F-35 қирувчи самолётларидан фойдаланиш режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йил декабрь ойи аввалида АҚШ ва Буюк Британия ўртасидаги муносабатлар F-35 қирувчиси билан боғлиқ вазият атрофидаги баҳслар туфайли жиддий равишда ёмонлашиши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди. Маълумотларга кўра, АҚШ Британия ҳарбий-денгиз кучларини ўзига тенг келиши мумкин бўлган ягона флот, деб ҳисоблайди.

Мавзуга оид