22:56 / 07.02.2019
11091

iPhone экранида нима юз бераётганини ёзиб олувчи дастурлар маълум қилинди 

iPhone смартфонлари учун кенг тарқалган дастурлар смартфон экранида юз бераётган ҳодисаларни кузатиб, ўзи учун керакли маълумотларни сақлаб қолиши аниқланди. Бу ҳақда мутахассисларга иқтибос келтирган ҳолда TechCrunch маълум қилди. 

Таъкидланишича, бундай хатти-ҳаракатлар Glassbox технологиясидан фойдаланувчи,  меҳмонхоналар ва авиачипталарни бронлаш дастурлари ишида аниқланган. 

Гап меҳмонхоналарни бронлаш сайти Hotels.com, Abercrombie & Fitch ва Hollister ретейлерлари, Air Canada ва Singapore Airlines авиакомпаниялари ва сайёҳлар учун мўлжалланган Expedia сервиси ҳақида бормоқда. Бу компанияларнинг барчаси Glassbox технологиясидан фойдаланади. Бу технология смартфон эгаси босган клавишлар, уни имо-ишоралари ортидан кузатиб, экранни тасвирга олади. Сўнгра бу маълумот турли хил рекламани илгари суриш учун қўлланади. 

Мутахассисларнинг таъкидлашича, дастурлар барча операциялар ва фойдаланувчи ҳақидаги маълумотларни унинг розилигисиз сақлаб олади. Шу билан бирга маълумот ишончли шифрлаш билан ҳимояланмаган ва хакерлар қўлига осонгина тушиши мумкин.

Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, ҳозирда фойдаланувчилар ортидан бундай кузатув тартиблаштирилмаган. Мутахассислар яширинча кузатув олиб борувчи дастурлардан фойдаланмасликни тавсия қилишган.

Top