18:54 / 08.02.2019
37342

Оламафрўз Абдуллаев: Мен қаҳрамон эмасман, ўз инсонийлик бурчимни бажарганман

Куни кеча Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вакиллари Тошкент Халқаро аэропортида Россияда жасорат кўрсатиб, “Яхшилик қилишга шошилинг” (“Спешите делать добро”) медали билан тақдирланган Оламафрўз Абдуллаевни кутиб олишди. 

Фото: Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи матбуот хизмати/Рустам Назарматов

Ёш қаҳрамонимиз 2018 йилнинг 31 декабрь куни Магнитогорск шаҳридаги турар-жой биноси портлашидан кейин ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, ёрдам беришга ошиққан ва Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг қутқарувчилари келгунга қадар вайроналар орасидан саккиз кишини қутқариб қолган. Юртдошимизнинг бу жасорати юксак мукофотга лойиқ топилди. 2019 йилнинг 6 февраль куни Челябинск области (Россия) губернатори Борис Дубровский ва ҳудуднинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Маргарита Павлова Ўзбекистон фуқароси Оламафрўз Абдуллаевга тантанали равишда “Яхшилик қилишга шошилинг” (“Спешите делать добро”) медалини топширди. 

Фахрий ёрлиқда ёзилганидек, ватандошимиз «Россия Федерациясининг Конституцияси, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Европа Конвенцияси билан мустаҳкамлаб қўйилган инсон ва фуқаро ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ишига қўшган улкан ҳиссаси учун» медаль билан тақдирланди. 

Медаль Челябинск областидаги Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан таъсис этилган бўлиб, ҳар йили жамият учун муҳим ишларни амалга оширган ва оғир турмуш шароитларига тушиб қолганларга кўмаклашган шахсларга топширилади.

Бундан ташқари, довюрак йигитнинг мардонавор хизмати Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ва Бош консулхона вакиллари томонидан ҳам муносиб рағбатлантирилди. 

Фото: Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи матбуот хизмати/Рустам Назарматов

Суҳбат давомида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси  ўринбосари Бегмат Очилов Оламафрўзнинг инсонийлик фазилатлари ёшларга намуна бўлиши, улар ўртасида яхшилик уруғини ёйиши кераклигини таъкидлади.  

— Ўша кун кутилмаган овоздан ҳодиса жойига шошилдим. У ерга йиғилганларнинг аксарияти ёнғинни тасвирга олиш билан овора эди. Бинонинг учинчи, еттинчи, саккизинчи ва тўққизинчи қаватларида ёнғин кўтарилганди. Шу дам учинчи қаватдаги аёлга кўзим тушди-ю, ўша хонадонга отилдим. Иккита ёш бола ва бир аёлни ёнғиндан кўчага олиб чиқдим. Сўнгра, тепа қаватларга кўтарилиб, у ердан ҳам  5 нафар инсонни алангадан қутқариб, хавфсиз жойга олиб ўтдим, — дейди Оламафрўз Абдуллаев. — Мен бу кўмакни қаҳрамонлик, дея олмайман. Менинг ўрнимда бошқа ўзбек йигити бўлганда ҳам инсонларни оловда жабрланишини видеотасвирга олгандан кўра, қутқарувга киришишни афзал биларди. Ахир, бу бизнинг инсоний бурчимиз-ку. Бизга миллий қадриятларимиз орқали кўмакка муҳтож инсонларга беминнат ёрдам кўрсатиш одати сингган. Бу гапларни Россияда медаль билан тақдирлашганларида ҳам айтганман. Тўғриси ўша кун, тақдирлаш ва Россиянинг ҳар қандай университетига талабаликка имтиёз берилишидан бироз хижолат ҳам тортдим ва бу имтиёзни рад этдим. Чунки, мен у инсонларни ўз манфаатим учун, талаба бўлиш учун қутқариб қолмаганман. Виждоним ва кўнглим буюрган амални бажарганман, холос.

Фото: Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи матбуот хизмати/Рустам Назарматов

7 йилдан буён Россияда қурилиш соҳасида меҳнат қилаётган ватандошимиз спортнинг бир қанча турлари билан мунтазам шуғулланиб келмоқда. Соғлом турмуш тарзи тарафдори бўлган довюрак тенгдошимиз 2018 йил Россияда спортнинг “Кудо” ва “Грепплинг” йўналишлари бўйича бир қанча муваффақиятларга эришган. Келгусидаги мақсади эса Ўзбекистон Миллий гвардияси қўшинлари сафида ватанга хизмат қилиш. Оламафрўз жорий йилда Ўзбекистон Миллий гвардияси ҳарбий-техника институтига ўқишга кирмоқчи.

Фото: Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи матбуот хизмати/Рустам Назарматов

Шаҳноза Нуруллаева 

Top