Ўзбекистон | 18:00 / 14.02.2019
61897
3 дақиқада ўқилади

Прокуратура Самарқанддаги «Умар» қурилиш компанияси раҳбари иши бўйича маълумот берди

13 февраль куни Кun.uz сайтида Самарқандда йирик тадбиркор Умар Ражабов ва унинг ўғли Руслан Ражабов қамоққа олингани тўғрисида хабар берилганди. Бугун, 14 февраль куни Самарқанд шаҳар прокуратураси томонидан мазкур тергов иши доирасида дастлабки маълумот берилди. Гарчи, маълумотда тадбиркорнинг ёки унинг ўғлининг исм-шарифи расман тилга олинмаган бўлса-да, тарқалган хабарлар, ташкилотлар номи ва фаолият турига кўра айнан мана шу мавзуда гап кетаётганини англаш мумкин.

«Самарқанд шаҳар прокуратураси томонидан «Afrosiyob Xosiyat Begim Makoni» МЧЖ раҳбари Ш.А. ва бошқаларга нисбатан ЖКнинг 168-моддаси, 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Аниқланишича, О.Р. «Afrosiyob Xosiyat Begim Makoni» МЧЖни таъсис этиб, норасмий равишда бошқариб келиб, Ф.Ф., Ш.А., Р.Р. ва бошқалар билан жиноий тил бириктириб, жамиятга Самарқанд шаҳрининг тегишли қисмларида кўп қаватли уй-жой қуриш учун рухсат берилмаган бўлса-да, фуқаролар Н.К., Ч.А., Р.А. кўрсатилган манзилга кўп қаватли уй-жой қуришини айтиб, уларни алдаб, фирибгарлик йўли билан 900 млн. сўмдан ортиқ нақд пул маблағини қўлга киритган.

11.02.2019 йилда О.Р., Р.Р., Ф.Ф. ва Ш.А. ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми «а» банди билан гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб, ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланди.

13.02.2019 йилда О.Р., Р.Р., Ф.Ф. ва Ш.А.га ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми «а» бандида, 189-моддасида, 228-моддаси 2-қисми «а», «б» бандларида ва 228-моддаси 3-қисми билан айб эълон қилиниб, уларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Мазкур жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда», - дейилади расмий маълумотда.

Эслатиб ўтамиз, «Умар» компанияси 2016 йилда Самарқанднинг Мироншоҳ кўчасида кўп қаватли уй қурилишини бошлаганди. 2018 йилнинг июнида ЮНЕСКО бу қурилишга эътироз билдирган, ўз навбатида Самарқанд шаҳри ҳокимлиги ҳам уй бузилиши тўғрисида қарор чиқарганди.

Ҳокимлик маълумотига кўра, «Afrosiyob Xosiyat Begim Makoni» ширкатига Самарқанд шаҳрининг аввалги ҳокими Воҳид Санақулович Раҳимов томонидан имзо чекилган (у 2017 йилнинг августида ишдан олинган) қарор билан Мироншоҳ кўчасида 2 қаватли савдо маркази қуришга рухсат берилган. Аммо тадбиркор бу ҳудудда 7 қаватли уй қуришни бошлаган. 2018 йилнинг июнида Самарқанд шаҳрининг ҳозирги ҳокими Фурқат Раҳимов қарорига асосан бинони бузиш ишлари бошлангач, бинодаги уйлар учун аввалдан буюртма қилиб, ҳақ тўлаб қўйган мижозлар пулларни қайтаришни талаб қила бошлашган.

Мавзуга оид