Жаҳон | 09:23 / 14.02.2019
13824
2 дақиқада ўқилади

Тинч океанида АҚШнинг Иккинчи жаҳон уруши вақтидаги машҳур авиаташувчи кемаси топилди

Тинч океани тубида, Соломон ороллари яқинида АҚШнинг Иккинчи жаҳон урушида иштирок этган авиаташувчи кемаси “Хорнет” топилди. Бу ҳақда Usa Today нашри хабар берди. 

Кемани қидириш билан Microsoft ҳамасосчиси Пол Аллен томонидан асос солинган Vulcan компанияси шуғулланган. Маълум қилинишича, кема 5 км чуқурликда қўним топган, унинг атрофида ўша вақтда палубада бўлган кўплаб самолётлар топилган. 

Аввалроқ Vulcan Иккинчи жаҳон уруши вақтидаги бошқа бир қатор кемаларни, жумладан, “Лексингтон” авиаташувчи кемасини, “Индианаполис” линкорини, Япониянинг “Мусаси” линкорини ва Италиянинг “Артильери” эсминецини топган.

“Хорнет” кемаси Иккинчи жаҳон урушида қатнашган энг машҳур кемалардан бири ҳисобланади. Унинг палубасидан биринчи марта тезкор бомбардимончи самолёт парвоз қилган ва айнан ундан Иккинчи жаҳон уруши вақтида Японияга АҚШ қўшинларининг илк ҳаво ҳужуми амалга оширилган.

Кема, шунингдек, Мидуэй маржон ороли ва Соломон ороллари яқинидаги жангларда иштирок этган. “Хорнет”га япон авиацияси ҳужуми оқибатида 1942 йил октябрда жиддий шикаст етган ва экипаж кемани тарк этгач, у торпедолар билан чўктириб юборилган. 

Мавзуга оид