19:51 / 23.02.2019
21992

АПЛ ўйинларида Ўзбекистонга саёҳат қилишга ундовчи реклама намойиш қилинмоқда

Англия Премьер-лигасининг 27-туридаги «Бернли»–«Тоттенҳэм» учрашуви вақтида майдон четидаги электрон шитлар орқали Ўзбекистонга саёҳат қилишга ундовчи реклама эълони намойиш қилинди.

Реклама матнида «Life is too short not to visit Uzbekistan» дейилган бўлиб, жумла «Ҳаёт жуда қисқа, Ўзбекистонга келишга улгуриб қолинг» маъносини англатади. Эълонда, шунингдек, 64 давлат фуқаролари учун Ўзбекистонга кириш визаси талаб этилмаслиги тарғиб қилинди.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасидан Kun.uz’га маълум қилишларича, қўмита вакиллари АПЛнинг иккита ўйинида LED-экранларда Ўзбекистон ҳақида реклама намойиш қилиш учун «Lagardere sport» компанияси билан музокаралар ўтказишган. Натижада 23 февраль кунги «Бернли»-«Тоттенҳэм» (2:1) ва «Лестер»-«Кристал Пэлас» ўйинлари вақтидаги реклама кампанияси бўйича келишувга эришилган. Лестер шаҳридаги ўйин Тошкент вақти билан соат 22:30да бошланади.

Маълумот учун, Ўзбекистонда 2019 йилнинг 1 февралидан бошлаб жами 64та давлат фуқаролари учун визасиз режим амалга кирди. Президентнинг 5 январдаги «Ўзбекистонда туризмни тезкор ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони билан 30 кунгача бўлган муддатга визасиз кириш тартиби жорий этилган мамлакатлар сони 19тадан 64тага етди.

Шу билан бирга, 1 февралдан фуқаролари электрон кириш визаларини олиш ҳуқуқига эга мамлакатлар рўйхатига 76 давлат қўшилди. Ўзбекистонда, шунингдек, 51та мамлакат фуқаролари учун сайёҳлик визаларини олишнинг соддалаштирилган тартиби амал қила бошлаган. 15 мартдан эътиборан эса амал қилиш муддати 30 кун бўлган икки марталик ва кўп марталик электрон кириш визалари жорий этилади.

Top