Италия ва Германияда чемпион номи аниқ бўлди, Франция ва Испанияда ҳам бу яқин турларда ҳал бўлади. Аммо ушбу лигаларда ҳам камида Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун кураш давом этмоқда. Англияда эса катта эҳтимол билан «Сити» ва «Арсенал», балки «Ливерпул» иштирокидаги сиртқи курашнинг гувоҳи бўламиз. Мана шу курашнинг илк томошаси шу турдан бошланади – даврага «Тоттенҳэм» қўшилмоқда. Жамоа қаторасига ҳар бир даъвогар билан ўйнаб чиқади. «Тоттенҳэм» соврин ютмаслиги мумкин, аммо катта эҳтимол билан чемпионни аниқлаб бериши мумкин. Қуйида ушбу ҳафтадаги асосий учрашувлар ҳақида батафсил тўхталганмиз.

АСТОН ВИЛЛА – ЧЕЛСИ (27 апрел, 23:55)

Биринчи даврада «Астон Вилла» Лондонда ғалаба қозонганида, бу бир сенсация сифатида баҳоланганди. Аммо кейин маълум бўлишича, бугунги ўйинда ҳам Эмери шогирдлари фаворит, зеро жамоа Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун «Тоттенҳэм» билан курашмоқда. Ҳозирги вазият тенглик, фақат тақвим эътибори билан «Астон Вилла»нинг имконияти юқорироқ баҳоланмоқда.

Тақвим осон дейиш мумкин, лекин агар рақибларга қаралса, «Челси»дан кейин «Брайтон»га сафар – биринчи ўйинда 6:1 ҳисобида бирминҳэмликлар ғалаба қозонганини эътиборга олсак, осон бўлмайди, кейин «Ливерпул»га қарши ўйин. Охирги турда «Кристал Пэлас» майдонига сафар. «Пэлас» охирги турларда анча кучли ўйин намойиш этаётгани, «Нюкасл» ва «Ливерпул» тиз чўктирилганини инобатга олсак, бу ўйин ҳам осон бўлмайди. Демак, «Вилла» қолган 4 турда очко олиши осон бўлмайди. «Тоттенҳэм»да эса «Бёрнли» ва «Шеффилд»га қарши ўйинлар бор. Эмери шогирдлари ўз ўрнини сақлаб қолиш учун «Челси»ни ютиши шарт. Акс ҳолда сўнгги турларда яна қўшимча босим ҳисобига янада қийинлашиб кетади. Шунингдек, «Тоттенҳэм»дан фарқли равишда «Астон Вилла»да бу тарздаги курашларда етарлича тажриба йўқлигини, бунинг устига, жамоа Конференциялар кубогида курашни давом эттираётганини ҳам инобатга олиш лозим.

Фото: Getty Images

Турнир қандай тугашидан қатъи назар, «Астон Вилла» учун мавсумни муваффақиятли якунланганини тан олиш керак. Қайси ўринни олса ҳам, Эмери учун бу натижа жуда яхши ҳисобланади. «Челси» учун эса аксинча, жамоа сарфланилган пул ва даража эътибори билан энг ёмон мавсумларидан бирига айланиб бўлди. Вазиятни қутқариб қолиш ва ҳеч бўлмаса, келаси мавсум учун умид тақдим этиш учун ҳам «Челси» сўнгги турларда бор имкониятини намойиш қилиши ва Европа Лигасига илиниш учун ҳаракат қилиши керак. Ўтган турда «Арсенал»дан қабул қилинган оғриқли (0:5) мағлубият учун ҳам «Челси» мухлисларидан қарздор.

Таркибларга эътибор қаратадиган бўлсак, аввалроқ, мавсум охиригача сафдан чиққан футболчилардан ташқари, Алекс Морено ва Рэмзиларда жароҳатлар бор. Улар яна камида бир ҳафта шерикларига ёрдам бера олишмайди. Шунингдек, Николо Дзаньолонинг ҳам жароҳати қай даражада жиддий экани маълум эмас. Меҳмонларнинг эса йўқотишларига ўрганиб қолганмиз. Янгиликлардан, сўнгги ўйинларда анча яхши таассурот қолдирилган Мало Густода кичик жароҳат бор ва ушбу учрашувга тайёр бўлиши шубҳа остида. Энцо Фернандес эса операция столига ётди ва у мавсум охиригача майдонга туша олмайди. Футболчи Копа Америкагача формага қайтиш учун шу қарорга келди. Агар мавсум тугашини кутганида, миллий жамоа ўйинларига тайёр бўлолмаслиги мумкин эди.