16:26 / 25.02.2019
3200

Ўзбекистон ва Баҳрайн маслаҳатлашувлар ўтказди

Фото: ТИВ ахборот хизмати

2019 йилнинг 24 февраль куни Манама шаҳрида Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида шартнома-ҳуқуқий масалалар бўйича Ўзбекистон-Баҳрайн маслаҳатлашувлар бўлиб ўтди. Бу ҳақда ТИВ хабар бермоқда.

Музокаралар чоғида мавжуд юридик базани инвентаризация қилишдан ташқари сиёсий, иқтисодий, туризм соҳаларидаги ва бошқа йўналишлардаги икки томонлама муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ва уларни истиқболда кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган.

Баҳрайн Қироллиги Ташқи ишлар вазирлиги делегациясига вазир ўринбосарининг ёрдамчиси, элчи Тавфиқ ал-Мансур ҳамда Осиё ва Африка мамлакатлари билан ҳамкорлик қилиш департаменти директори Муна Аббас Маҳмуд Розий бошчилик қилди. Тадбирда Баҳрайн туризм ва кўргазмалар агентлиги вакиллари ҳам иштирок этди.

Маслаҳатлашувлар чоғида имзоланган битимларнинг ҳуқуқий мақомига аниқлик киритилди ва уларни самарали амалга оширилишини таъминлаш учун икки мамлакат тегишли идора ва ташкилотларининг фаолиятини жадаллаштиришга келишиб олинган.

БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди, икки мамлакатнинг халқаро норматив ҳужжатларни ишлаб чиқишдаги иштироки (халқаро ҳуқуқ нормаларининг кодификацияси ва илғор ривожланиши) тўғрисида маълумот алмашилди.

Ўзбекистон ТИВ делегацияси Баҳрайн ички ишлар вазири ўринбосари ёрдамчиси генерал-майор Муҳаммад Рошид Бухумуд билан ҳам учрашув ўтказди. Унда икки мамлакат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди. Ҳукуматлар ўртасидаги Уюшган жиноятчилик ва жиноятчиликнинг бошқа шаклларига қарши курашишдаги ҳамкорлик тўғрисидаги Битим лойиҳаси моддама-модда кўриб чиқилди ва келишилди.

Шунингдек, Баҳрайн Савдо-саноат палатасининг халқаро муносабатлар департаменти бошлиғи Вафа Али бошчилигидаги вакиллари билан ҳам музокаралар бўлиб ўтди.

Чет эллик ҳамкорларга мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, жумладан хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун яратилаётган қулай шароитлар, экспортни рағбатлантириш ва туризм соҳасини ривожлантириш борасидаги ўзгаришлар ҳақида маълумот берилди.

83 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектларини бирлаштирувчи Баҳрайн Савдо-саноат палатаси вакиллари, ўз навбатида, меҳмонхона бизнеси қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва экспорт қилиш соҳаларидаги истиқболли инвестицион лойиҳаларда иштирок этиш учун Ўзбекистон ишбилармон доиралари билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатишга қизиқиш билдирди.

Top