ХВЖ миссияси Ўзбекистонга маслаҳатлашувлар учун ташриф буюрди
Молия вазирлигида Халқаро валюта жамғармасининг (ХВЖ) Яқин Шарқ ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича департаменти бош иқтисодчиси Алберт Егер бошчилигидаги миссияси ҳамда давлат вазирлик ва идора мутасадди вакиллари иштирокидаги учрашув бўлиб ўтди.
Молия вазирлиги ахборот хизмати хабарига кўра, муҳокамалар диққат маркази ХВЖ низомининг IV моддасига мувофиқ 2019 йил учун миссия томонидан мамлакатга бериладиган маслаҳатларга қаратилди.
Маълумот учун: ХВЖ келишувининг моддалари халқаро пул-кредит муаммолари бўйича маслаҳатлашув ва ҳамкорлик қилиш, халқаро савдони кенгайтириш ва мувозанатли ўсишга ёрдам бериш учун доимий механизм орқали халқаро пул-кредит ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашиш ва шу билан бирга, валюта барқарорлигини таъминлаш ва яна бир қанча шу каби масалаларни муҳокама қилиш ва ҳал этиш учун қабул қилинган. ХВЖ ҳар бир келишувга аъзо мамлакат билан ҳар йили маслаҳатлар алмашинуви ўтказади. «IV модда маслаҳатлари» деб номланувчи бу алоқалар орқали ХВЖ ҳар бир мамлакатнинг иқтисодий барқарорлигини баҳолашга ва келгусида молиявий муаммоларни олдини олишга ҳаракат қилади.
IV моддага доир маслаҳатлар доирасида макроиқтисодий кўрсаткичлар, молия сиёсати ва таркибий ўзгариш кўрсаткичлари кўриб чиқилди. Бундан ташқари, томонлар, 2018 – 2019 йилларга мўлжалланган кредит сиёсати, бюджет ташкилотларида иш ҳақи сиёсати, фискал сиёсат ва 2019 йил учун қўшимча харажатлар, 2019 йилда янги солиқ сиёсати, пенсия ва меҳнат соҳалари сиёсатларини амалга ошириш ҳамда тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш каби масалаларни муҳокама қилишди.
Алберт Егер молия вазирининг Лондон сафарини ижобий натижаларини қайд этди. Унинг фикрича, ҳозиргача амалга оширилган сиёсатлар тўғри ва самарали ёндашув бўлибгина қолмай, келгусидаги йўл харитаси учун бир қанча устуворликларни таъминлаб беради.
У, шунингдек, хориж инвесторларининг бу борадаги мулоҳазалари билан бўлишди: «Инвесторлар мамлакатда амалга оширилган ислоҳотларни, жумладан, валюта режимини либераллаштириш, Молия ва Иқтисодиёт вазирликларига тегишли долзарб бўлган ислоҳотлар, солиқ ислоҳоти ва бошқа ислоҳотларни ижобий баҳолайди».
Миссия жорий йилнинг 5 мартига қадар Тошкентда ишчи ташриф билан бўлади. Шунга кўра, давлат мутасадди вакиллари ушбу давр мобайнида муайян масалаларни муҳокама қилиш учун бир қатор учрашувлар ўтказишади.
Мавзуга оид
14:10 / 30.09.2024
Ўзбекистон ва Индонезия ўртасида маслаҳатлашувлар қўмитаси ташкил этилади
13:00 / 27.09.2024
Ўзбекистон ва Миср ўртасида сиёсий маслаҳатлашувлар бўлиб ўтди
09:50 / 20.09.2024
Тошкентда Ўзбекистон-Озарбойжон маслаҳатлашувлари бўлиб ўтди
13:00 / 17.08.2024