Ўзбекистон | 19:38 / 28.02.2019
7228
2 дақиқада ўқилади

​Омбудсман фаолиятига тўсқинлик қилган амалдор жаримага тортилади

Фото: Getty Images

​Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс Омбудсманнинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи янги норма билан тўлдирилмоқда.​ Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Унга кўра, Омбудсманнинг фаолиятига тўсқинлик қилиш мансабдор шахсларга жарима солинишига сабаб бўлади.

28 февраль куни иш бошлаган Сенат XVIII ялпи мажлис йиғилишида сенаторлар вакил ваколат ва ҳуқуқларини кучайтирувчи қонунга ўзгартиришларнинг киритилишини маъқуллади. 

Маъқулланган ўзгартиришларга кўра, Омбудсман ҳузурида миллий превентив механизм жорий этилмоқда, яъни қийноқларнинг олдини олиш бўйича тегишли чоралар кўриш белгиланган.

«Ушбу норманинг белгиланиши мансабдор шахсларнинг масъулияти кучайишига ҳамда Вакил, айниқса унинг минтақавий вакиллари ишига ижобий таъсир қилиши шубҳасиз», – дейди сенаторлардан бири. 

Бундан ташқари, Жиноят-ижроия кодекси шахснинг соғлиғини муҳофаза қилиш ва хавфсизлигига тегишли қоидалар жазони ижро этиш муассасаларида ҳам қўлланилишига оид норма билан бойитилган.

«Эндиликда маҳкумлар психологик ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ тадбирларда фақатгина ўз хоҳишларига кўра иштирок этишади», – деб изоҳ беради сенатор ўзгартиришларга.

Шунингдек, маҳкумларнинг ҳуқуқлари меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ тўлиқ таъминланиши назарда тутилмоқда.

Шу муносабат билан Сенат «Маҳкумларнинг ҳамда қамоқда сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунни​ ҳам маъқуллади.

Алишер Рузиохунов
Тайёрлаган Алишер Рузиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид