Ўзбекистон | 12:30 / 28.02.2019
11915
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон президентини сайлаш ва сайловни ўтказиш тартиби кодекс билан белгиланмоқда

Сенатор Батир Матмуратов Сенат XVIII-ялпи мажлисида маъқулланган «Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон қонуни ҳақида гапириб, янги кодекс бўйича айрим маълумотларни келтириб ўтди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Унинг айтишича, Сайлов кодекси 2 қисм, 18 боб, 101 моддадан иборат бўлиб, у Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари сайловларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади.

Шунингдек, кодекс Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хоҳиш-иродаси эркин билдирилишини таъминловчи кафолатларни белгилаши таъкидланди.

Конституцияда белгиланганидек, сайлов умумий, тенг, тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш орқали очиқ ва ошкора ўтказилади. 

Маълум қилинишича, Сайлов кодекси ўзида қуйидаги янгиликлар ва асосий қоидаларни назар тутади:

биринчидан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида амалдаги депутатлик 150 ўрни сақлаб қолинган холда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакилларига қуйи палатада депутатлик ўринлари учун квота ажратиш институти чиқариб ташланди.

иккинчидан, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари томонидан халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига номзод кўрсатиш тартиби бекор қилинди;

учинчидан, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантириш тартиби қонун билан тартиби белгиланди;

тўртинчидан, сиёсий партиялар томонидан имзо йиғиш жараёнида сайловчиларнинг бир ёки бир нечта номзодларни ёхуд партияларни қўллаб-қувватлаб имзо қўйиши мумкинлиги белгиланди;

бешинчидан, муддатидан илгари овоз бериш ва сайлов куни овоз бериш учун ягона сайлов бюллетенини жорий этиш орқали «сайлов варақаси» тушунчаси чиқариб ташланди;

олтинчидан, овоз бериш жараёнида сайловчиларга бир нечта белгилардан (+, √қушча, X) бирини қўйиш имконияти берилди;

еттинчидан, сайловларни ўтказиш ёки ташкил этиш масалалари юзасидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби аниқ белгиланган.

Унга кўра, сайлов комиссияларига келиб тушган мурожаатларини ўз ваколатлари доирасида кўриб чиқиши, ушбу мурожаатлар бўйича текширувлар ўтказиши ва уч кунлик муддатда уларга ёзма жавоблар бериши, сайловга камида олти кун қолганида ёки овоз бериш куни келиб тушган мурожаатларни эса дарҳол кўриб чиқиб, жавоб қайтариши шартлиги белгиланган.

Шунингдек, қонунда сайлов жараёнлари билан боғлиқ янги қоидалар жорий этилмоқда. Хусусан:

- сайлов участкасида овозларни санаш баённомасининг нусхасини дарҳол жойлаштириш тартиби белгиланди. Сайлов натижалари баённоманинг кўчирма нусхаси ҳамма танишиши учун округ сайлов комиссиясининг биносига 48 соатдан кам бўлмаган муддатга осиб қўйилади.

- фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари томонидан участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар бўйича таклифлар киритиш тартиби белгиланмоқда;

- сайлов округларини тузишда сайлов округларидаги сайловчилар сонининг йўл қўйиладиган максимал четга чиқиши 10 фоиздан ошмаслиги шарти белгиланди;

- илгари Марказий сайлов комиссияси қарори билан тасдиқланган Олий Мажлис Сенати аъзоларини сайлаш тартиби тўғрисидаги низом бекор қилиниб, ушбу масала бевосита кодексида акс эттирилган.

Шунингдек, номзодлар ишончли вакилларининг Ўзбекистон Республикасидаги сафар харажатларини сайловни ўтказиш учун ажратилган маблағлар ҳисобидан тўланиши тартиби белгиланди.

Мавзуга оид