Ўзбекистон | 19:20 / 03.03.2019
102926
2 дақиқада ўқилади

Видео: Шавкат Мирзиёев дўконларни айланиб, нархларни текширди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Наманганга ташрифи давомида замонавий гипермаркетлардан бирига кирган. Бу ҳақда «Ўзбекистон» телеканали дастурида хабар қилинган. 

Мухбирнинг айтишича, Шавкат Мирзиёев савдо шохобчасидаги маҳсулотларнинг нархларини суриштирган.

«Одамларнинг кайфияти озиқ-овқат маҳсулотлари нархига боғлиқ бўлади», деган президент.

Давлат раҳбари расталарни маҳаллий тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилган сифатли маҳсулотлар билан тўлдириш зарурлигини қайд этган.

«Бу нархлар пасайишига ижобий таъсир кўрсатади», деган Мирзиёев.

Бундан аввалроқ президент матбуот хизмати Шавкат Мирзиёев Намангандаги дўкон ва ундаги нархлар билан танишаётгани акс этган лавҳаларни эълон қилганди. Дўконга кириш ва чиқишда Президентни одамлар қарсаклар билан олқишлаб тургани акс этган. Лавҳада Шавкат Мирзиёевнинг: «Мана, мен кеча магазинга бордим. Нега бордим? Мен ўзим ҳақиқатни билишим керак», — деган сўзлари эшиттирилган.

Президент Шавкат Мирзиёев 1 март куни бўлиб ўтган Наманган вилояти фаоллар йиғилишидаги нутқида Намангандаги дўконларни айлангани, дўконлардаги нархлар юқорилиги, маҳсулотлар орасида четдан келтирилганлари кўп эканлигига гувоҳ бўлганига тўхталиб ўтганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид