Жаҳон | 12:36 / 06.03.2019
21646
2 дақиқада ўқилади

Россия соғлиқни сақлаш вазири Москва - Тошкент рейсидаги йўловчига биринчи ёрдам кўрсатди

Фото: Инна Финочка/ТАСС

Россия соғлиқни сақлаш вазири Вероника Скворцова «Аэрофлот»нинг Москва - Тошкент рейсидаги йўловчига биринчи тиббий ёрдам кўрсатди. Бу ҳақда ТАСС хабар бермоқда.

Парвоз пайтида Ўзбекистон фуқароси бўлган аёлнинг мазаси қочиб қолган, унинг қорни оғриган. Самолётдаги умумий алоқа орқали шифокор талаб этилаётган эълон қилинди ва Вероника Скворцова бунга бефарқ қараб турмаган.

«Вазир вазиятни ҳаёт учун хавфли эмас деб баҳолади ва ўзи билан доимо олиб юрадиган дориларни олиб келди. Дори воситасини қабул қилганидан сўнг йўловчининг ҳолати яхшиланди», - дейилади хабарда.

Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги делегацияси 6 март куни эрталаб икки кунлик ташриф билан Ўзбекистонга келди. Россия делегацияси Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигида музокаралар ўтказади, шунингдек, мамлакатдаги бир қатор тиббиёт муассасаларига ташриф буюради.

Ўзбекистон ТИВ хабарида айтилишича, учрашув чоғида томонлар Россия тиббиёт олий ўқув юртларидан бирининг филиалини очиш ва Тошкентда замонавий кўп тармоқли тиббиёт марказини қуриш имкониятларини муҳокама қилиши кутиляпти.

Мавзуга оид