Ўзбекистон | 15:20 / 07.03.2019
14875
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Максим Орешкинни қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 7 март куни Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Россия ҳукуматлараро комиссияси ҳамраиси, Россия Федерацияси иқтисодий ривожланиш вазири Максим Орешкинни қабул қилди.

Давлат раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари, шунингдек, кўп қиррали амалий ҳамкорлик жадал ривожланиб, изчил мустаҳкамланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этди.

Мунтазамлик касб этган олий даражадаги алоқалар ва давлат раҳбарлари ўртасидаги ишончга асосланган мулоқот, мамлакатларимиз идоралари, ҳудудлари ва ишбилармон доиралари ўртасидаги шериклик ва алмашинувлар жадаллашгани савдо-иқтисодий, инвестициявий, илмий-техник ва маданий-гуманитар соҳалардаги самарали ҳамкорликни мисли кўрилмаган даражада оширишга хизмат қилди.

Ўтган йил октябрь ойида Россия Президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи ҳамкорликни янги амалий мазмун билан бойитди.

2018 йил якунларига кўра ўзаро савдо ҳажми 20 фоизга ошиб, қарийб 6 миллиард долларга етди. Россиянинг етакчи компания ва банклари иштирокида, жумладан, энергетика, нефть-газ, кимё, машинасозлик, электротехника, тўқимачилик, озиқ-овқат ва кўплаб бошқа тармоқларда йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Ўзаро мулоқотнинг янги кўп даражали формати, яъни икки давлат Бош вазирлари даражасидаги Икки томонлама ҳамкорлик бўйича қўшма комиссия ташкил этилиши, ҳеч шубҳасиз, кўп қиррали шерикликни кенгайтириш бўйича эришилган келишувлар самарадорлигини ошириш ва уларни ўз вақтида рўёбга чиқаришга хизмат қилиши таъкидланди.

Ўзаро ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари қаторида мамлакатимиз ҳудудларида Россия компаниялари иштирокида агрокластерлар ва логистика марказларини ташкил этиш, Ўзбекистон мева-сабзавот ва тўқимачилик маҳсулотларини Россия бозорига йирик ҳажмда улгуржи етказиб бериш бўйича янги тизимни жорий этиш, ҳудудлараро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш учун қулай шароитлар яратиш, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида ўзаро алмашинувларни кенгайтириш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш қайд этилди.

Россия иқтисодий ривожланиш вазири давлатимиз раҳбарига самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ҳамда Ҳукумат Раиси Дмитрий Медведевнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди. 

Максим Орешкин Ўзбекистонда мамлакатнинг барқарор тараққиётини таъминлаш, иқтисодиётни либераллаштириш ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, инвесторларни ва тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган кенг миқёсли ислоҳотларни юксак баҳолади.

Россия ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва номенклатурасини кенгайтириш, турли соҳаларда истиқболли қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун бундан буён ҳам зарур чоралар кўришга тайёр экани таъкидланди.

Мавзуга оид