Жаҳон | 00:39 / 11.03.2019
3712
1 дақиқада ўқилади

Жазоир президенти сайловларда иштирок этиш учун Швейцариядан қайтди

10 март куни Жазоир президенти Абдулазиз Бутафлиқа мамлакат президенти сайловларида иштирок этиш учун Швейцарияда даволанаётган клиникадан ватанига қайтди. Бу ҳақда Жазоирнинг An-Nahar телеканали маълум қилди.   

82 ёшли Бутафлиқа 5-маротаба президент бўлишни режалаштирмоқда. Бироқ бир қатор мутахассислар унинг соғлиғи борасида хавотир билдиришмоқда. Бутафлиқа 2013 йилдаёқ инсултни бошидан ўтказиб, Францияда даволанган, шундан кейин ногиронлар аравачасида ҳаракатланади ва омма олдида кам кўриниш беради. Февраль охирида Бутафлиқа Женевадаги клиникалардан бирига тиббий текширувга жўнагани маълум қилинганди.

Бу орада Жазоирда 22 февралдан бери Бутафлиқани соғлиғи сабабли сайловлардан четлатилиши талаб қилинаётган оммавий намойишлар тўхтамаяпти. Бутафлиқа мамлакатни самарали бошқара олишига шубҳа билдирилмоқда.

Амалдаги президентнинг ўзи эса 18 апрелдаги сайловларда ғалаба қозонса, ислоҳотлар ўтказиб, сўнгра муддатдан аввалги сайловлар ўтказилишини эълон қилмоқчи. У бу сайловларда иштирок этмаслигини айтган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид