Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Аl-Fraganus ўзбек миллий электромобили ҳаётга татбиқ этиладими?
Фарғоналик Саидбек Ғуломов Аl-Fraganus номли электромобиль устида иш олиб бораётганлиги тўғрисида хабар берилганди. Хўш, Ўзбекистонда илк маротаба ишлаб чиқилаётган бу каби лойиҳа ҳақиқатан амалга ошадими? Жараён ҳақида лойиҳа муаллифнинг ўзи маълумот берди.
Унинг айтишича, электромобиль Saidbek dream cars корхонаси томонидан Saidbek номи остида чиқарилиши кутилмоқда.
«Al-Fraganus эса биринчи моделимизга берилган ном. Лойиҳадан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистонда ҳам Европа стандартларига жавоб берадиган моделни ишлаб чиқиш», — дейди у.

Ғуломовнинг айтишича, моделни реализация қилиш учун кетадиган харажатлар аниқ ҳисобланмаган. Бу ишлаб чиқариш қуввати ва маҳаллийлаштириладиган эҳтиёт қисмлар сонига боғлиқ. Тахминий таннархи хорижникидан икки баравар кам бўлиши кутилмоқда, деб ҳисобламоқда лойиҳа муаллифи.
«Унинг бошқа автомобиллардан бир қатор устунлик жиҳатлари бор. Жумладан,лойиҳа Ўзбекистонда тайёрланмоқда, нархи арзон, экологияга зарари йўқ.
Ҳар бир ихтирода бўлгани каби биз ҳам кўплаб тўсиқларга дуч келдик. Атрофдагиларнинг ишончсизлиги бунга мисол бўлади. Бу соҳада ўзбек мактабининг йўқлиги учун биз чет эл тажрибасидан фойдаланишимизга тўғри келди.
Айни пайтда моделлаштириш жараёнидамиз. Кейин конструкция ишини бошлаймиз. Электромобилни чиқарилиш санаси ҳали номаълум. Керакли эҳтиёт қисмлар Хитойдан келтирилса, 1 ой муддатда йиғиш ишлари якунланади», — дея маълумот берди муаллиф.
Патент олиш масаласи бўйича С.Ғуломовдан сўралганида, жараён ҳали давом этаётганлигини билдирди.
Адлия вазирлиги ҳузурдаги Интеллектуал мулк агентлиги маълумотига кўра, патентга эга бўлиш 2 босқични ўз ичига олади ва умумий 6 ой муддат сарфланади. Биринчи муддатда расмий экспертиза ўтказилади, унда лойиҳа учун талаб этиладиган ҳужжатлар, давлат божи тўланганлиги текширилади.
С.Ғуломовнинг мурожаати бу босқичдан ўтган. Ҳозир иккинчи, яъни асосий экспертизадан ўтказиш босқичи давом этмоқда. Бунда лойиҳанинг моҳияти ўрганилади, ягона намунада эканлиги кўриб чиқилади. Натижалар ижобий чиқса патент берилади.

Электромобиль ғояси қанчалик ҳақиқатга яқин?
Электр токи билан ҳаракатланувчи воситалар соҳасида маълум тажрибага эга бўлган мутахассисларнинг бу борадаги фикрини билиш муҳим ҳисобланади. Шу сабабли Турин университети қошидаги инновацион марказ раҳбари Бобур Зокиров қуйидагиларни баён этди:
«Ҳар бир соҳада бўлгани каби автомобилсозликда маълум қонун-қоидалар мавжуд. Электромобиль йўналиши маълум билим ва кўникма талаб қилинадиган жабҳа ҳисобланади.
Жаҳоннинг ижобий ва салбий тажрибасини синчиклаб ўрганиш орқали муваффақиятга эришиш мумкин. Эксперт сифатида айтишим мумкинки, биринчи моделини яратишга ўртача 250 минг АҚШ доллари кетади. Унга ҳар бири 500 АҚШ долларига тенг бўлган 14 та аккумулятор ўрнатилади. Мотори эса 5000 АҚШ доллари бўлади. Қолган маблағ ички конструкция ишлари учун ишлатилади. Электромобилга ажратилган юқори сумма ўзини оқлайди.
Мисол учун айтаман: ёқилғида ҳаракатланувчи автомобиль 100 километр юриши учун 27 минг сўм харажат кетса, электромобиль учун эса атиги 3 минг сўм кетади. Шунингдек, атроф-муҳитга заҳарли газларни чиқармайди», — дейди у.
Зокировнинг таъкидлашича, Саидбек Ғуломов ғояси тўлдирилиши керак, чунки унда камчиликлар бор. Лойиҳанинг муҳандислик режаси тўлиқ ишлаб чиқилиши лозим. Халқаро стандартларга жавоб бериш даражаси бўйича пухта иш олиб бориш керак. Иш узоқ муддатли аниқ ҳисоб-китобларни талаб қилганлиги сабабли ҳар бир деталга алоҳида эътибор берилиши муҳимдир.
Муҳаббат Маъмирова
Мавзуга оид
14:57 / 18.01.2025
Дунёдаги энг хавфсиз 5 та автомобил номи эълон қилинди
09:54 / 13.01.2025
Халқаро аҳамиятга эга бўлган автойўллар бўйида электромобилларни зарядлаш станциялари ташкил этилади
19:47 / 11.01.2025
2024 йилда Ўзбекистонга электр ва гибрид автомобиллар импорти бензинли автомобилларга қараганда кўпроқ бўлди
10:59 / 11.01.2025