Экспортга нарх белгилаш: «эски ҳаммом, эски тос...ми?»
Ўзбекистон Республикаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига «Ўзбекистон Республикасидан экспорт қилинадиган мева-сабзавот ҳамда текстиль маҳсулотларининг контракт қийматини мониторинг қилиш тўғрисида» Низом лойиҳаси жойлаштирилди.
Korzinka.uz супермаркетлари тармоғи раҳбари Зафар Ҳошимов ушбу ҳужжат лойиҳасига муносабат билдириб, бир масалага эътибор қаратган экспортчиларнинг катта қисми давлат корхоналари эмас, балки фермерлар, агрофирма ва текстиль компаниялари саналади.
«Давлатимиз қатъий равишда экспортга нархларни белгилаш ғоясига мунтазам қайтаётгани кўпчилик қатори мени ҳам ҳайратлантирмасдан қўймаяпти, рости.
Эътиборингизни жалб қилган ҳолда бир далилга тўхталиб айтишим керакки, экспортчилар давлат корхоналари эмас, балки фермерлар, агрофирма ва текстиль компаниялари саналади. Ва уларнинг жуда кўпчилиги хусусий. Шунга мувофиқ, улар ишлаб чиқараётган маҳсулотлар ҳам ўзлариникидир, яъни нима қилишса ҳам ўзлари мулкларини идора қилиш ҳуқуқига эгалар.
Албатта, давлат экспорт амалиётининг умумий қонун-қоидаларини ўрнатиши, валюта, тариф ва солиқ назорати кабиларни ҳам тайинлаб, ўрнатиш ҳуқуқига эга, буларнинг барчаси аллақачон мавжуд.
Бироқ яна ва яна давлат экспортга нархларни белгилашни истамоқда. Нега?», — дея савол билан юзланади тадбиркор.
Ҳошимовнинг таъкидлашича, ўтмишда айнан экспортга минимал нархларнинг худди мана шундай тарзда назорат қилиниши ва ўрнатилиши туфайли фермер ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари бир неча марта касодга учраган ва ишлаб чиқараётган маҳсулотларини экспортга самарали кўрсаткичлар билан етказиб бера олишмаган.
«Биргина мисолни келтириб ўтсам. Ўтган йили жуда яхши гилос ҳосили бўлди. Боғбонлар тўкин-сочин мавсум илинжида жуда хурсанд эди. Бироқ давлат гилоснинг 1 кгни 4 доллардан паст нархда экспорт қилишни тақиқлаб қўйди. Аммо гилосга белгиланган нархнинг ташқи коньюнктураси мутлақо бошқача бўлган.
Мен ўзим шахсан Россиядаги супермаркетда 1 кг гилос учун 190 рубль (3$) тўлагандим. Шундан келиб чиқадики, Москвадаги чакана савдода гилоснинг килоси 3$ эди, мансабдорларимиз эса уни 4$ дан паст нархда экспорт қилишни маън қилишган.
Учрашувларнинг бирида юқори мансабни эгаллаб турган давлат хизматчиларидан бирига тўғридан-тўғри савол бериб давлат нега бундай йўл тутаётганини сўраган эдим. Жавоб эса оддий тарзда жаранглади:
«Биз фермерлар маҳсулотларини ўртакашларга сотиш орқали даромадларини тушириб юборишларини олдини олишни истаймиз. Ўзлари мустақил товар етказиб беришлари учун энг унумли йўлларни изласин. Агар Россияда арзон бўлса, бошқа жойга сотишсин».
Бошқа бир мансабдорнинг келтирган важи эса унданда қаттиқроқ эди: «экспортчилар ишлаб топган валюталарининг аксарият қисмини хорижда қолдириб, бизга эса олаётган фойдаларининг фақат бир қисминигина кўрсатишларини истамаймиз».
Агар ўйлаб қаралса, иккала жавоб ҳам умуман танқидга бардош бера олмайди, авваламбор, маҳсулот эгаси унга тўла эгалик қилади, олдингидек ҳозир валюта даромадини мажбурий сотиш йўқ, экспорт эса солиқлардан ҳоли, шу сабабли давлат экспортчилар маҳсулотларини қандай тасарруф қилаётгани, даромадини қай тарзда тақсимлаётгани билан иши бўлмаслиги керак.
Мантиқан ўйланса, қандай қилиб ва нима учун солиқ ва мажбурий сотишлар йўқ бўлиб турган шароитда оддий фермер ва ишлаб чиқарувчилар ўз пулларини яшириб юришлари керак?
Умуман олганда эса, Болтиқбўйи давлатларидаги банклар билан боғлиқ можаролар ва бўлиб ўтган барча коррупцион жанжаллардан сўнг, шуниси аниқки, ҳамюртларимизнинг ўз маблағларини четда сақлашлари ватанимизда сақлашларидан анча хавотирли ҳамда қийинроқ бўлиб бормоқда», — дейди тадбиркор.
Зафар Ҳошимов ўз муносабатида «нархлар назоратини нима учун бекор қилмаслик керак», деган саволга мансабдорлар томонидан келтирилган важларнинг қанчалик суст эканлигига ортиқча тўхталиб, майдалашиб ўтирмасдан мисолларга қайтишни таклиф этади.
«Гилос етилганидан сўнг узоқ сақланмаслигини инобатга олсак, фермерлар ўтган йилги ҳосилларининг аксарият қисмини ички бозорда сотишганини тахмин қилиш мушкул эмас. Кўпчилик айнан чекловлар сабаб ҳосилини импорт учун 2$ дан олишга тайёр бўлган харидорларига сота олмади, бундай харидорлар эса, дарҳақиқат, бор эди, охир оқибатда ички бозорда 5000-7000 сўмдан сотишга мажбур бўлишди (1$дан кам). Ҳосил мўл бўлгани ички бозорда деҳқонларимизга қарши ишлади.
Биз тармоғимизда ўтган йили мавсумида гилосни ўртача 5000-6000 сўмдан харид қилдик, бу эса сўнгги бир неча йил ичида рекорд даражада паст нарх эди.
Энди фермерларнинг зарарини бир ҳисоблаб кўринг-а...
Бозорни тан олмаслик мумкин, аммо бу билан бозор мавжуд бўлмайди, дегани эмас. Юзага келган вазият сабаб мамлакатда Кавказ мамлакатларидан сайёр олибсотарлар пайдо бўлди ва гилосни 0,5-0,8$дан сотиб олишди, маҳсулотни юк қилиб қўшни мамлакатларга қинғир йўллар билан, ва яна, гилосни карам остига беркитиб Қирғизистон ва Қозоғистонга олиб чиқишди, у ердан ҳужжат қилиб, Россияга олиб кетишди. Табиийки, у ерда анча баланд нархда сотишди, деҳқонларимиз ризқини кесишди. Минимал белгиланган нархлар деҳқон ва ишлаб чиқарувчиларни ҳеч қандай ҳимоя қила олмади.
Натижада эса, маҳаллий фермерларимизни ҳимоя қилиш ўрнига уларни олибсотарлар қармоғига чекловларимиз билан илинтириб бердик. Бундай эгри йўллар билан сотилган молнинг даромади эса бизга қайтиб келмаслиги энди аниқ.
Ўзимиз қазиган ўрага ўзимиз тушдик.
Ишончим комилки, ишлаб чиқарувчи ва фермерларимизнинг давлат «ҳимояси» ортидан кўрган жабрлари ҳақидаги ҳикоялари бундан-да узунроқ.
Ўтган ёз охирида экспорт учун давлат томонидан нарх белгиланиши бекор қилинганида барчамизнинг елкамиздан тоғ ағдарилган эди, гўё. Гилос мавсуми қўлдан бой берилган бўлса-да, нималардир қутқариб қолиниб, одамга ўхшаб яхшилаб экспорт қилингани аниқ. Фаолиятим сабаб қишлоқ хўжалик ишлаб чиқарувчилари билан тез-тез учрашиб тураман. Чинакам маънодаги заҳматкаш ушбу инсонлар янги мавсумга катта умид боғлаганлар.
Келинг, улар учун дуода бўлайлик, экспорт учун нарх назорати белгилаб, ўрнатиб умидларини яксон қилишмасин. Бу гал текстилчиларни хам қўшиб дуо қилинг», — дея фикрини якунлаган у.
Мавзуга оид
08:30 / 30.03.2023
Божлардан вақтинча қутулиш: озиқ-овқат нархлари қандай арзонлаяпти?
19:18 / 27.03.2023
Президент фармони билан бож тўловидан озод қилинган озиқ-овқат маҳсулотлари нархи арзонлашяпти — Зафар Ҳошимов
11:05 / 08.08.2022
«Депутатлар ойликсиз ишласа, натижа шунга яраша бўлаверади» — Зафар Ҳошимов
17:10 / 18.07.2022