Иқтисодиёт | 21:00 / 14.03.2019
37598
4 дақиқада ўқилади

Меҳди Маҳбуб: «Ўзбекистон ўз пахтасидан унумли фойдалана олмаётганидан ҳайронман»

Бангладешда 43 минг гектар майдонга пахта экилади. 2017 йилда пахта майдонларидан 28 минг тонна пахта ҳосили олинган, холос. Шунга қарамай, ушбу мамлакат тўқимачилик саноати бўйича жаҳондаги етакчи давлатлар қаторида туради.

Мамлакатдаги тўқимачилик компаниялари асосан импорт пахта эвазига ўз бизнесини олиб боради. Бангладеш банкининг 2017 йилги маълумотларига кўра, мамлакатга импорт қилинадиган умумий пахтанинг 16 фоиз қисми Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келади.

Kun.uz мухбири кийим-кечак экспорти соҳасида кўп йиллик тажрибага эга бангладешлик мутахассис Меҳди Маҳбуб билан иқтисодиёт, тўқимачилик саноати, тадбиркорлик ва маркетинг масалалари бўйича суҳбатлашди.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

«Ўзбекистон имкониятлар ва манбаларга бой мамлакат. Сизга кўп нарса инъом этилган. Одамлар Ўзбекистон денгизга чиқа олмайдиган давлат дейиши мумкин, лекин ҳозир технологиялар ва мулоқот даври. Агар сизда аниқ режа бўлса, турли машаққатлар ўз вақти билан ҳал бўлиб кетади. Сизда саноатингизни ривожлантиришга кучли хоҳиш бор. Ўзбекистон жаҳон сифати даражасидаги пахта ишлаб чиқаради.

Бангладеш эса Ҳиндистон, Покистон, Ўзбекистон, ҳатто Австралия ва АҚШдан пахта сотиб олади. Бангладешда кийим-кечак саноати 1978 йилдан буён - 40 йилдан ошиқ вақт давомида муваффақиятли ривожланиб келмоқда. Биз жараённинг бошида – 1978 йилда 12 минг долларлик маҳсулотни экспорт қилганмиз, холос. Бугун бу маблағ 32 миллиард долларни ташкил этса, режамизга кўра, экспорт ҳажмини 50 миллиард долларга чиқариш ниятимиз ҳам йўқ эмас.

Ўзбекистон эса ўз пахтасидан, бу сердаромад соҳадан унумли фойдаланмаётганига ҳайронман. 

Бангладеш муваффақияти сирига тўхталсак, бу дахлдорлик ҳисси, ташаббусда деб ўйлайман. Шунингдек, Бангладеш ҳукуматининг молиявий сиёсати доирасида хусусий секторнинг қўллаб-қувватланиши вазиятни ўзгартириб юборган», дейди Меҳди Маҳбуб пахта экспорти ва Бангладешнинг тўқимачилик соҳасидаги муваффақияти тўғрисидаги саволга жавобан.

Меҳди Маҳбуб

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил якунлари бўйича пахта толасининг умумий экспорт ҳажмидаги улуши (1,6 фоиз) ўтган йилнинг шу даврига нисбатан сезиларли даражада камайган.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, ушбу даврда 222,1 миллион долларлик 115,6 минг тонна пахта толаси экспорт қилинган.

Маълумот учун, тўқимачилик соҳасини ривожлантириш мақсадида 2019 йил 12 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш ва унинг экспорт салоҳиятини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»га қарори қабул қилинганди.

Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси уч ой муддатда соҳа ривожи бўйича уч муҳим бандни назарда тутувчи 2019-2025 йилларда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини жадал ривожлантириш Концепциясини тасдиқлаши керак. 

Концепциянинг 3-бандида республикада ишлаб чиқариладиган пахта ип-калаваларнинг бутун ҳажмини қайта ишлаш ҳисобига 2025 йилга бориб тўқимачилик маҳсулотлари экспорти ҳажмини 7 миллиард АҚШ долларига етказиш белгиланган.

Суҳбат «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси билан ҳамкорликда ташкил этилди

Мавзуга оид