Иқтисодиёт | 12:57
341
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон тўқимачилик саноатида экспорт ҳажмини 3,3 млрд долларга етказмоқчи

Покистоннинг The World News электрон нашри президент Шавкат Мирзиёев 23 декабр куни тўқимачилик саноатида 2025 йил якунлари ва 2026 йил учун устувор вазифалар бўйича тақдимот билан танишганини ёритди. Тақдимотда келгуси йилда тармоқ экспортини 3,3 млрд долларга етказиш мақсад қилингани қайд этилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

“Дунё” АА хабарига кўра, тақдимотда жорий йилда тўқимачилик саноатида эришилган натижалар, ишлаб чиқариш ва экспорт динамикаси ҳамда 2026 йил учун режалар атрофлича кўриб чиқилган.

Қайд этилишича, 2025 йилда тўқимачилик саноатида:

  • ишлаб чиқариш ҳажми — 134 трлн сўм;
  • хорижий инвестицияларни ўзлаштириш — 2,1 млрд доллар;
  • экспорт ҳажми — 2,5 млрд долларни ташкил этган.

Шунингдек, тармоқда банд аҳоли сони 623 минг нафарга етгани, 2026 йилда уни 650 минг нафаргача ошириш имконияти борлиги таъкидланган.

Маълум қилинишича, 2026 йилда пахта хомашёсини қайта ишлашни янада чуқурлаштириш, газлама, трикотаж ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражасини ошириш режалаштирилган. Мақсадли кўрсаткичлар:

  • маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми — 147 трлн сўм;
  • экспорт — 3,3 млрд доллар.

Нашрда келтирилишича, тармоққа 2,2 млрд доллар хорижий инвестиция жалб қилиш режа қилинган. Бунинг ҳисобига:

  • 207 минг тонна синтетик ва аралаш ип ишлаб чиқариш;
  • 397 млн кв.м газлама;
  • 224 млн дона тикув-трикотаж маҳсулотлари;
  • 108 млн кв.м мато бўяш бўйича қўшимча қувватлар барпо этилиши кўзда тутилган.

Покистон ОАВ қайд этишича, йиғилишда тармоқ ривожига тўсқинлик қилаётган бир қатор омилларга ҳам эътибор қаратилган. Хусусан, пахта толасига талабнинг бир қисми импорт ҳисобига қопланаётгани, молиявий ресурслар қийматининг юқорилиги, ташқи бозорларда логистика харажатлари ортиши ва айрим йўналишларда малакали мутахассислар етишмаслиги долзарб масалалар сифатида кўрсатилган.

Муаммоларни ҳал этиш учун 2026 йилга мўлжалланган чора-тадбирлар доирасида:

  • корхоналарга айланма маблағ учун 200 млн доллар имтиёзли кредит ажратиш;
  • 138 та корхонани молиявий соғломлаштириш;
  • 100 та янги корхонани экспорт фаолиятига жалб қилиш режалаштирилаётгани айтилган.

Шунингдек, халқаро стандарт ва сертификатларни жорий этишга алоҳида урғу берилган бўлиб, Better Work, BCI, FWF, Organic EU каби дастурлар 60 та корхонада татбиқ этилиши билдирилган.

The World News маълумотларига кўра, президент тақдим этилган ёндашувларни маъқуллаб, тармоқда тайёр маҳсулот улушини изчил ошириш, маҳсулот таннархини пасайтириш ҳамда инвестиция ва экспорт салоҳиятини тўлиқ ишга солиш бўйича масъулларга аниқ вазифаларни белгилаб берган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид